Жамият | 13:18 / 09.10.2018
7446
2 дақиқада ўқилади

Автоуловнинг бўш юкхонасига рангли металл парчалари яширилганлиги аниқланди 

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар берди Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.

“Тадбир давомида “Қашқадарё-Тошкент” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган фуқаро С.Н. бошқарувидаги “Камаз-5320” русумли автомашина Қашқадарёдан Тошкент шаҳрига бўш ҳолда йўл олганлиги қонун ҳимоячиларига шубҳали туюлди. Боз устига автомашина юкхонасининг ички кўриниши бироз тор эди”, дейилади хабарда. 

Божхона ходимлари холислар иштирокида автомашина юкхонасини текширишганда, махсус тайёрланган ёғоч тахталар ортида 80 та полиэтилен қопларда 4 тоннадан ортиқ рангли металл парчалари борлиги аниқланди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Натижада, фуқаро С.Н. яширинча салкам 18 млн сўмлик 1897 кг мис ва 2617 кг рух металл парчаларини ноқонуний олиб кетаётгани маълум бўлди. Ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, рангли металл парчалари “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖ Самарқанд филиалига топширилди. 

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Рангли ва қора металлар парчалари, чиқиндилари билан ишлаш тартибини такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жисмоний шахслар ҳам металл парчаларини эркин нархларда “Ўзметкомбинат” ва “Ўзиккиламчиранглиметалл” акционерлик жамиятларига топширишлари мумкин.

Шунингдек, рангли металлар, уларнинг парча ва резги-чиқитларини тайёрлаш, олиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни ўтказиш қоидаларини бузиш амалдаги қонунчиликка кўра, маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Мавзуга оид