Жамият | 16:51 / 09.10.2018
8565
2 дақиқада ўқилади

Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси аҳолига мурожаат билан чиқди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси республика аҳолиси ҳамда ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарларига мурожаатнома билан чиқди.

Қайд этилишича, об-ҳавонинг совиб кетиши натижасида газ ҳамда электр иситиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб боради. Бундай пайтларда айрим фуқароларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлиши мумкин.

Уларнинг олдини олиш мақсадида газ ва электр ускуналардан ҳамда иситиш мосламаларидан фойдаланишда қуйидаги ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиш сўралади:

- қўлбола ва носоз газ ва электр иситиш мосламаларидан фойдаланманг;
- иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг тавсияси ва йўриқномаси талабларига риоя қилинг;
- иситиш мосламалари яқинида ёнувчан буюм ва осон алангаланувчи маҳсулотларни сақламанг;
- газ ускуналарни улаш тартиб қоидаларига риоя қилинг;
- агар газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан асло фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўринг ва бу ҳақда “104” телефон рақами орқали газ хизматига хабар беринг;
- иситиш печлари ва уларнинг мўриларини созлигига эътибор беринг.

Ушбу қоидаларга риоя этиш билан Сиз ўзингиз ва яқинларингизни ҳамда уй-жойингизни ёнғиндан асраб қолган бўласиз, дейилади мурожаатномада.

 

Мавзуга оид