Жаҳон | 08:00 / 11.10.2018
6998
2 дақиқада ўқилади

Вашингтонда 91 килограммлик бомба портлатмоқчи бўлган эркак қўлга олинди

Фото: CBS

Нью-Йорк штатида яшовчи Пол Розенфельд АҚШ пойтахти Вашингтонда портлаш содир этмоқчи бўлгани учун қўлга олинди. У портлашни амалга ошириш учун 91 кглик бомба йиғган. Бу ҳақда Нью-Йорк федерал прокурори идораси маълум қилган.

Маълум қилинишича, 56 ёшли Розенфельд портлашни қуръа ташлаш орқали сайлаш ғоясига эътибор қаратиш мақсадида содир этмоқчи бўлган. Таъкидланишича, бундай усул тарихда қўлланган: мисол учун, у қадимий Афинада юқори мансабдор шахслар ва қўшинлар қўмондонлари тайинланганда қўлланган. Бироқ ҳозирги замонда бу усул деярли қўлланмайди.  

Август ойида Розенфельд пенсильваниялик бир кишига мактублари ва смс-хабарларида бомбани йиғиш бўйича режалари ва уни 6 ноябрда, АҚШда конгрессга оралиқ сайловлар ўтказиладиган кунда портлатмоқчилигини тасвирлаб берган.

Эркак 9 октябрда қўлга олинган. У сўроқ вақтида “катта портловчи қурилма” йиғиш мақсадида 4 кг порохга буюртма берганини тан олган. Гумонланувчи, шунингдек, кичик ўлчамли портловчи қурилмаларни йиғиш бўйича тажрибага эга эканини ва бундай қурилмаларни портлатиб кўрганини тан олган. Розенфельднинг уйи тинтув қилинганда 91 кглик портловчи қурилма топилган. У хавфсиз жойга олиб чиқилган. Бундан ташқари, портлатгич ва бўш порох идишлари аниқланган.

Гумонланувчига портловчи қурилмани ноқонуний йиғиш ва штат чегараси орқали портловчи моддаларни ташиш айблови қўйилган. Ушбу моддаларнинг ҳар бири бўйича унга 10 йиллик қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Мавзуга оид