Спорт | 16:53 / 12.10.2018
21578
5 дақиқада ўқилади

Эктор Купер: Эртанги ўйинда терма жамоада дебютантларни кўришингиз мумкин

Бугун “Бунёдкор” стадиони анжуманлар залида Ўзбекистон – КХДР ўртоқлик учрашуви олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унинг биринчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Эктор Купер ва ҳимоячи Анзур Исмоилов иштирок этди.

Кириш қисмида Эктор Купер қуйидагиларни таъкидлаб ўтди.

- Олдимиздаги икки ўртоқлик учрашувлари навбатдаги синов жараёни бўлади. Терма жамоани шакллантиришда давом этамиз. Сурия ва Эронга қарши ўйинлар билан солиштирганда ўзгаришлар бўлдими, ўйинчиларда ўсиш борми, шу масалаларга эътибор қаратамиз.

Мен синов деган гапни кўп такрорлаяпман. Бу ҳаммага ҳам ёқмаслиги мумкин. Аммо ўртоқлик ўйинларидан кўзланган асосий мақсад – ўйинчиларни синаб кўриш ва шу орқали жамоа ўйинини Осиё кубогигача шакллантириш.

Эртанги ўйинда олдин терма жамоада ўйнамаган янги ўйинчиларни кўришингиз мумкин. Уларнинг терма жамоага қандай кўникиб кетишини кузатиб борамиз. Бундан ташқари, тактик жиҳатдан ҳам ўйинимизда бироз ўзгариш бўлади. Шунинг учун навбатдаги баҳслар яна бир марта ўйинимизни кўриб, таҳлил қилиб олиш учун ажойиб имконият бўлади.

Шундан сўнг Анзур Исмоилов ўйин олди фикрлари билан ўртоқлашди.

- Терма жамоада кайфият жуда ҳам яхши. Жамоага олимпия терма жамоаси аъзолари ҳам қўшилди. Мураббийнинг тактик кўрсатмаларини бажаришга ҳаракат қиламиз.

- Фақат икки дарвозабон (Ўткир Юсупов ва Роман Абдулов) терма жамоадан биринчи марта чақирув олди. Терма жамоа сафида янги номлар ҳақида гапирганингизда, дарвозабонларни назарда тутдингизми?
- Биринчи марта чақирув олган ўйинчиларни эмас, терма жамоада доимий равишда ўйнамаган, 2-3 учрашувда майдонга тушган, масалан Жавоҳир Сиддиқов каби футболчиларни назарда тутган эдим.

- Эртага Шимолий Кореяга қарши ҳужумкор ўйин кўрамизми? 
- Эртага ҳужумкор ўйин кўрсатамиз, деб айта олмайман. Эртага ўзим хоҳлаётган, мен футболчилар кутаётган ўйинни кўрмоқчиман. Ҳужумкорми ёки ҳимоявий – бунинг фарқи йўқ, аввало менинг услубим натижа олиб келиши керак.

Кўпчилик журналистлар ва мухлисларга ҳимоявий ўйин ёқмайди, бундай услубдаги ўйинни жуда ёмон кўришади. Мен истаган вақтимда ҳужумкор ўйин кўрсатишим мумкин, лекин бу бизга натижа олиб келмаса, фойдаси йўқ.

Бундан ташқари, ҳужум қилишни хоҳлайдиган ҳар қандай жамоа аввало ҳимояланишни ҳам билиши керак. 

- “Локомотив”дан Шуҳрат Муҳаммадиев ва “Пахтакор”дан Фаррух Сайфиев терма жамоага жалб этилмади. Бу нима билан боғлиқ? Улар яхши ўйин кўрсатишаётган эди.
- Ҳар доим ҳам ҳаммага ёқиш осон эмас. Кимгадир бу, яна кимгадир бошқа ўйинчи ёқади. Мураббий таркиб бўйича танлови масаласида норозилар доим топилади. Лекин бош мураббий футболчиларни чақириши бўйича тушунтириш беришга мажбур эмас. Шуни тушуниб олиш зарур.

- Ўтган сафарги йиғинга чақирилган ҳужум чизиғидаги беш футболчидан уч нафари бу сафар ҳам таркибда. Икки нафари чақирилмади. Нега янги ҳужумчиларни синаб кўрмаяпсиз?
- Ўйинчининг бир йиғинга жалб этилиб, иккинчисига чақирилмаслиги бу унинг қониқарсиз ҳолатда эканини англатмайди. Ўртоқлик ўйинларидан мақсад барча ўйинчиларни қамраб олиш.

Масалан, Анзур Исмоиловни мисол қилиб олсак. У клубида жуда яхши ўйнаётган бўлиши мумкин, лекин терма жамоадаги бош мураббий сўраётган ўйин услубига мос тушмаслиги мумкин. Буни ҳам унутмаслик керак. Мураббий футболчининг нафақат клубдаги ҳолати, балки термада қандай ўйнай олишига ҳам алоҳида эътибор беради.

Агар мураббий йиғинга 40-45 нафар футболчини қамраб олиш имкони бўлганида, барча номзодларни чақириш мумкин бўларди. Аммо ўйинчилар сони чекланган. Бир йиғинга маълум футболчиларни чақирсак, кейингисига бошқаларни синаб кўришимиз мумкин. Бу кейинги сафар чақирув олмаган ўйинчиларнинг ҳолати талабга жавоб бермаслигини англатмайди.

Сентябрь ва октябрь ойидаги йиғинларга чақирилган футболчилар Осиё кубогига борадиган таркибнинг асосини ташкил этади, демаган бўлардим. Ноябрдаги йиғинимизга жалб этиладиган ўйинчилар Осиё кубогига олиб кетиладиган таркибнинг асоси бўлади, деб қисман айтишим мумкин.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид