17:00 / 14.10.2018
6220

Жокович Шанхайда рекорд ўрнатди

© AP Photo/Adam Hunger

Сербиялик теннисчи Новак Жокович Шанхайда ўтказилган «Мастерс» тоифасидаги ATP (Профессионал теннисчилар уюшмаси) турнирида (нуфузи бўйича «Катта дубулға»дан кейинги иккинчи ўринда турувчи турнир) тўртинчи марта ғалаба қозонди.

31 ёшли теннисчи финалда (у турнирга иккинчи рақам остида сараланганди) хорватиялик Борн Чорични (13-рақам) 6:3, 6:4 ҳисобларида мағлуб этди.

Шу тариқа, Жокович Шанхайда тўртинчи бор ғалаба қозонди ва рекорд ўрнатди. У Хитойдаги «Мастерс» турнирида 2012, 2013 ва 2015 йилларда ҳам ғалаба қозонганди. У энди Шанхайда 2009 йилдан буён ўтказиб келинаётган турнирда ғолиб чиқиш бўйича буюк британиялик Энди Маррейни ортда қолдирган.

Жокович фаолияти давомида ATP таснифидаги турнирда 72-марта ғолиб чиқди. Бу борада сербиялик теннисчидан яхшироқ натижани швейцариялик Рожер Федерер (98) ва испаниялик Рафаэль Надаль (80) қайд этган. Шанхайжаги ғалаба Жокович учун «Мастерс» турнирларидаги 32-ғалаба бўлди. Бу борадаги яхшироқ натижага фақат Надаль эришган (33).

Шанхайдаги ғалаба эвазига Жокович ATP рейтингида Федерердан ўзиб кетиб, иккинчи ўринга кўтарилиши мумки. Янгиланган рейтинг 15 октябрь куни эълон қилинади.

Top