Газ йўқ бўлса: уй иситишнинг муқобил воситалари
Ҳар йили совуқ кунлар бошланиши билан аксарият одамларнинг эътибори бир нарсага: уйни иситиш масаласига қаратилади. Зеро энг асосий иситиш воситаси бўлган газ ҳаммада ҳам мавжуд эмас. Уйни иситишнинг қандай йўл ва воситалари бор, улардан қай бири самарали ва арзон тушади?
Аввало, магистрал газдан фойдаланмасдан иситиш мумкин бўлган манбаларни кўриб чиқсак.
Қаттиқ ёқилғи. Бу гуруҳга кўмир, ўтин, брикетлар, биоёқилғи киради.
Суюқ ёнилғи. Солярка ва ишлатилган мотор мойи.
Электр энергияси.
Қуёш электрогенераторлари.
Суюлтирилган (баллонли газ).
Уйни газсиз иситиш масаласини ҳал қилишда қуйидагиларга эътибор қаратиш керак бўлади:
Иссиқлик манбаи берадиган иссиқлик энергияси киловатт-соатининг нархи;
ускунанинг нархи ва уни ўрнатишга кетадиган харажат;
иситиш тизимининг қулайлиги.
Мана шу кўрсаткичларни таҳлил қилиш орқали муқобил иситиш манбаини танлаш мумкин бўлади.
Агарда иссиқлик энергиясининг киловатт-соати нархи солиштирилса, у ҳолда иссиқлик манбалари арзонлиги жиҳатидан қуйидаги тартибда жойлашади:
Арзонлик борасида биринчи ўринда қуёш коллекторлари туради. Улардан олинадиган энергия текинга тушади. Аммо коллекторлардан доимий иссиқлик манбаи сифатида фойдаланиш қийин, сабаби улар қуёшли кун ва об-ҳаво шароитларига боғлиқ.
Иккинчи ўринда ўтин туради. Ўтин барча турдаги қаттиқ ёқилғилар орасида арзонлиги бўйича биринчи ўринда туради.
Кейинги ўринларда кўмир, суюқ ёнилғи туради. Йирик автопаркка эга хўжаликларда ишлатилган мотор мойидан фойдаланиш арзонга тушади.
Электр энг қимматга тушадиган иссиқлик манбаи ҳисобланади.
Шундай қилиб, агарда иссиқлик энергияси киловатт-соатининг нархидан келиб чиқадиган бўлсак, энг арзони қуёш коллекторлари, энг қиммати эса электр бўлади.
Масаланинг иккинчи томони шундаки, қуёш коллекторлари тежамкорлик бўйича етакчи бўлса-да, ускуна нархи ва ўрнатиш ишлари бўйича энг қимматга тушадигани ҳам айнан қуёш коллекторлари ҳисобланади. Ҳаттоки Хитойда ишлаб чиқарилган энг содда ва арзон коллекторлар ҳам бошқа иситиш манбаларига нисбатан қиммат юради.
Ускуна нархи ва ўрнатилиши бўйича рўйхат тузиладиган бўлса, у қуйидагича кўриниш олади:
қуёш коллекторларини ўрнатиш бошқа иситиш манбаларига нисбатан бир неча баробар қиммат туради;
сўнгра суюқ ёнилғида ишлайдиган қозонхоналар туради (солярка ва ишлатилган мотор мойи);
кўмир ва ўтин ёрдамида ишлайдиган қозонхоналар арзонроққа тушади;
электр қурилмалар эса нарх бўйича барчасидан арзон туради (ўрнатиш ҳам унчалик катта харажат талаб қилмайди).
Муқобил иситиш манбаларининг афзаллик ва камчиликлари
Печка ёрдамида иситиш
Уйни печка ёрдамида ўтин ёки кўмирдан фойдаланиб иситиш қуйидаги афзалликларга эга:
Ўрнатишнинг осонлиги. Печка қуриш учун алоҳида маҳорат талаб қилинмайди.
Нархининг арзонлиги. Ўтин ва кўмирни топиш унчалик қийин эмас ва нархи ҳам бошқа ёқилғиларга нисбатан арзон.
Электр энергиясининг кераги йўқ.
Печка устида овқат қилиш имкони ҳам мавжуд.
Бироқ унинг ўзига яраша камчиликлари ҳам бор: печканинг фойдали иш коэффициенти бошқа иситиш қурилмаларига нисбатан анча паст, чунки иссиқликнинг катта қисми мўри орқали чиқиб кетади.
Печка қизиши учун узоқ вақт талаб қилинади. Бир марта қаланган ўтин уч соат ичида ёниб тугайди ва мунтазам равишда унга ўтин қалаб туриш керак бўлади.
Уй кўмир билан иситилганида ўтинга нисбатан яхшироқ исийди ва узоқ вақт ёниб туради.
Камчиликларга келадиган бўлсак, ўтин ва кўмир ишлатилганида хона ичи тез ифлос бўлади, доим кул ҳамда ўтин ва кўмир қолдиқларини тозалаб туриш керак бўлади, хонага тутун тўлади, деворлар қораяди, ис гази билан заҳарланиш ва ўт кетиш хавфи юқори бўлади.
Қуёш коллекторлари ёрдамида иситиш
Қуёш коллектори қуёш нурини энергияга айлантиради ва бу энергия иссиқлик етказиб берувчини иситишга йўналтирилади. Қуёш коллектори энг экологик, хавфсиз иситиш манбаи ҳисобланади.
Унинг энг катта камчилиги қурилма ва уни ўрнатиш нархининг юқорилигидир.
Электр ёрдамида иситиш
Электр орқали иситиш экологик, қулай ва самарали йўл ҳисобланади. Электр конвекторлар, кондиционерлар, мойли радиаторлар, инфрақизил иситгичлар ва электр пол уйни тез ва осон иситиш имконини беради. Электр иситгичлар бошқа иситиш манбаларига нисбатан арзонлиги ва ўрнатиш учун деярли харажат бўлмаслиги билан ажралиб туради.
Электр билан иситишнинг энг катта камчилиги электр энергияси учун тўловнинг қимматлигидир. Бир нечта хонани иситиш учун кўп миқдорда электр қуввати талаб қилиниши иситиш харажатининг ўсишига олиб келади.
Иккинчи камчилиги эса тўлалигича электр таъминотига боғлиқлиги. Турли сабаблар оқибатида электр таъминотида узилиш содир бўлса, ҳар қандай электр иситгич бефойда буюмга айланади.
Мойли иситгич ҳақида
Бугунги кунда бозорларда мойли иситгич энг кенг тарқалган ва сотиб олиш мумкин бўлган иситиш қурилмаси бўлгани учун уни сотиб олиш истагида бўлганларга қуйидаги маслаҳатларимиз асқотади.
Мойли иситгич стационар батареяни эслатиб юборади. У металл корпус, махсус минерал мой ва иситиш унсуридан ташкил топган.
Қурилма электр манбаига уланганидан сўнг унинг ичидаги мой керакли даражада қизийди. Сўнгра мой металлга иссиқлик беради ва ўз навбатида хона исий бошлайди.
Бу иситгичлар қизиб кетмаслиги учун уларга махсус датчик ўрнатилган бўлади.
Таймер ҳароратни бошқаришга ёрдам беради: хона ҳарорати белгиланган даражага етганида қурилма ўчади ва хона совиганида яна ишга тушади.
Айрим қурилмалар вентилятор билан жиҳозланган бўлиб, иссиқ ҳаво оқимини хона бўйлаб тарқатади.
Иситгич сотиб олаётганда аввало унинг қувватига эътибор қаратиш керак. Одатда иситгичлар қуввати 1дан 3 кВтгача бўлади.
Иситгич танлашда қуйидаги формула асқотади: масалан, хонанинг бўйи 5, эни 4 метр. Умумий майдон 20 квадрат метр. Уни хона баландлигига кўпайтирамиз: 20х2,75=55. Бу иситиш лозим бўлган ҳажм.
1 кВт энергия 25 куб метрга сарфланиши ҳисобга олингани учун чиққан сонни 25га бўлинг – 55/25=2,2. Ҳосил бўлган сон хонани иситиш учун зарур бўлган қувватдир – 2,2 кВт.
Иситгич сотиб олаётганда ёруғлик индикатори, ҳароратни бошқариш, таймер каби хусусиятларига эътибор беринг.
Мойли иситгичнинг секциялари (қовурғалари) 5тадан 14тагача бўлиб, радиатор секциялари қанча кўп бўлса, хона тезроқ исийди ва кўпроқ энергия сарфланади. Ўртача катталикдаги хонани иситиш учун 6-8 секцияли иситгич энг мақбули ҳисобланади. Иситгич секциялари қанчалик энсиз бўлса, улар тезроқ исийди ва хонани тезроқ иситади.
Секциялари кенг иситгичлар исиши учун узоқроқ вақт кетади ва узоқроқ вақтда совийди, аммо кўпроқ электр харажатини талаб қилади.
Иситгич устига қуритиш мақсадида кийим ёки турли матоларни ташлаб қўйиш мумкин эмас.
Иситгич совуқ даврда сотиб олинса, уй ичига олиб кирилганида хонада камида 3 соат турганидан кейингина ишлатиш керак.
Конвектор ҳақида қисқача
Хонани иситиш учун шунингдек, электр конвекторлардан ҳам фойдаланилади. Конвекторлар одатда деворга маҳкамланади, лекин полга қўйиладиган моделлари ҳам бор.
Конвекторлар хонани ҳаво конвекцияси ҳисобига иситади. У ҳавони ҳаракатга келтиради, иссиқ ҳаво юқорига кўтарилади, совуқ ҳаво пастга тушади. Конвектор совуқ ҳавони ютади ва уни иситиб ташқарига чиқаради. Ташқарига чиқарилган иссиқ ҳаво ўрнини яна совуқ ҳаво эгаллайди ва жараён шу тарзда хона исигунига қадар давом этади. Конвектор мойли радиаторга нисбатан камроқ электр истеъмол қилади.
Инфрақизил пол ҳақида қисқача
Плёнкали инфрақизил пол тўшамалари бошқа иситиш манбаларига нисбатан идеал бўлмаса ҳам, ўзига яраша афзалликлари бор.
Иситиш ҳудудини танлаш имконияти. Инфрақизил тўшамани исталган ўлчамдаги майдонга ётқизиш мумкин ва нисбатан арзон туради.
У хонадаги ҳавони қуритмайди ва ёқилиши биланоқ иссиқ ҳарорат бахш этади.
Мутахассисларнинг айтишларича, у конвекцион иситиш воситаларига нисбатан 20-25%га тежамлироқ.
Иссиқ пол хонани бир хилда иситади ва биринчи навбатда оёққа иссиқлик беради.
Инфрақизил тўшама 220В электр тармоғи орқали ишлайди ва унинг энг катта хавфи ҳам мана шунда – ток уриш эҳтимоли бор.
Электрга боғлиқ бўлгани учун электр таъминотида узилиш бўлганида инфрақизил тўшамадан фойдаланиш имконияти йўққа чиқади.
Билиб қўйган яхши
- Иссиқ пол ўрнатиш конвекцион иситгичларга нисбатан иситиш харажатини 35-40%га пасайтириш имконини беради.
- Плёнкали инфрақизил пол 1 квадрат метрга 50-70 ватт электр энергияси сарфлайди. Агарда уйни иситиш манбаи инфрақизил иситгич бўлса, унинг қуввати бир квадрат метрга 150-180 Втни ташкил этиши лозим. Иссиқ пол хона умумий майдонининг камида 70-80%ини қамраб олиши даркор, акс ҳолда унинг иситиш самарадорлиги паст бўлади.
- Инфрақизил нур ҳавони эмас, инсон баданини, кийим ва буюмларни иситади.
- Уй яхши исишида иссиқлик изоляцияси муҳим аҳамиятга эга. Дераза ва эшик тирқишлари, тешиклар яхши беркитилса, иссиқлик ташқарига чиқиб кетмайди.
- Қора рангдаги радиатор (мойли иситгич) иссиқликни яхши ажратади.
Озгина эътиборсизлик, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланиш нохуш оқибатларга олиб келиши, нафақат моддий зарар етказиши, балки инсонлар ҳаётига хавф солиши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай иситиш воситасидан фойдаланганда энг аввало ҳушёрлик, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишни асло унутмаслик даркор. Хонадонингиз ҳамиша чароғон, совуқ кунларда иссиқ бўлишини тилаймиз.
Мавзуга оид
15:47 / 13.11.2024
Тошкентда экскаватор газ қувурига шикаст етказиши натижасида айрим ҳудудларда газ таъминоти тўхтатилди
13:10 / 10.11.2024
“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар
11:07 / 07.11.2024
Тадбиркорларга газ бўйича ҳисобланган асоссиз 3,7 млрд сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди
13:36 / 06.11.2024