Спорт | 18:35 / 19.10.2018
8775
2 дақиқада ўқилади

Кокорин ва Мамаев қамоқда қолдирилди

Москва шаҳар суди «Зенит» ҳужумчиси Александр Кокорин, унинг укаси Кирилл ва «Краснодар» яримҳимоячиси Павел Мамаев адвокатларининг уй қамоғига ўтказиш ҳақидаги илтимосномасини қондирмади.

Учаласи ҳам «Бутирка» тергов изоляторида 8 декабрга қадар ҳибсда қолдирилди.

Александр Кокориннинг адвокати «Зенит» бош мураббийи Сергей Семак номидан ижобий характеристика олиб келган эди. Бундан ташқари, унинг онаси 10 миллион рубль миқдорида гаров пули киритишга тайёр эканини айтди. Мамаевнинг адвокати мижозининг узр сўрагани, жабрланувчиларга сидқидилдан ёрдам беришга тайёрлигини, паспортини топшириб, ҳеч қаёққа қочиб кетмаслигини айтди.

Аммо суд айбланувчилар вакилларининг илтимосномасини қондирмади.

Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни ака-ука Кокоринлар ва Мамаев Москвадаги қаҳвахоналардан бирида Минпромторг мулозими Денис Пак ва НАМИ ташкилоти раҳбари Сергей Гайсинни дўппослашган эди. Бу можародан бироз олдин эса «Первий канал» бошловчиси Ольга Ушакованинг ҳайдовчисига ҳужум қилишган. Жабрланганлар турли тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. 

Бу иш юзасидан Москва полицияси 116-модда (Тан жароҳати етказиш) ва 213-модда (Безорилик) бўйича жиноят иши очди. Суд эса иштирокчиларни 8 декабрга қадар ҳибсга олди. Айбдорларга 7 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид