Жаҳон | 20:20 / 19.10.2018
5644
3 дақиқада ўқилади

Назарбоев дунёдаги ҳозирги вазиятни Кариб инқирозига қиёслади

Фото: РИА Новости / Алексей Витвицкий

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев АСЕМ (Осиё-Европа) саммити ялпи сессиядаги нутқида жорий юқори ихтилофлик, санкциялар кўпайиши ва савдо урушлари шароитларида халқаро сиёсат тарангликнинг чўққисига етганини, уни Кариб инқирозига қиёслаш мумкинлигини айтди.

“Биз “Осиё-Европа” форумининг жорий саммитини бу муаммоларни ҳал қилиш учун қўллашимиз керак. Афсуски, дунёда замонавий босқичда сермаҳсул мулоқот ва ҳамфикрликнинг етишмаслиги кузатилмоқда. Биз ўтган асрнинг 60-йилларидаги Қариб инқирозига қиёслаш мумкин бўлган жорий иқтисодий ва сиёсий қарама-қаршиликнинг гувоҳлари  бўлиб турибмиз”, деб айтган Назарбоев. 

Қозоғистон президенти саммит АҚШ, Россия, Хитой, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатларни дунёдаги мавжуд ўзаро келишмовчиликларнинг ечимини топишга чорлаши лозимлигини айтган.

“Агар Сурия, Украина ва бошқа давлатлардаги муаммолар тартибга солинмаса, вазият тобора кескинлашеваради. Баллистик ракеталар тарқалиши хавфи бор экан, халқаро террорчилик бош муаммо бўлиб қолади”, деб қўшимча қилган Назарбоев. 

Қозоғистон раҳбари жаҳон иқтисодиётидаги ҳолатнинг ёмонлашаётгани ортида баъзи ночор давлатларда вазият янада мураккаблашаётгани ва бу бутун инсониятга жиддий чорлов бўлишини таъкидлаб ўтди. 

“Иккинчи жаҳон уруши ва бошқа ихтилофлардан кейин давлатлар етакчилари яқиндан ҳамкорлик қилишган ва террорчиликка қарши курашда умумий ечимлар топишган. Шу сабабли мен барча давлатларни мулоқотга чорлайман ва Остона майдончасини музокаралар учун қўллашни таклиф қиламан”, деб таъкидлаб ўтди. Қозоғистон раҳбари. 

Кариб инқирози Собиқ иттифоқ ва АҚШ ўртасида 1962 йил октябрда вужудга келган ўта кескин сиёсий, дипломатик ва ҳарбий қарама-қаршилик бўлиб, ушбу қарама-қаршилик АҚШ томонидан 1961 йил Туркияда ядровий қурол жойлаштирилиши ва кейинроқ бунга жавобан Собиқ иттифоқнинг ҳарбий қисмлари, техника ва қурол-аслаҳаси, жумладан ядровий қуролининг Кубага ташланиши оқибатида юзага келган. Инқироз глобал ядровий урушга олиб келиши мумкин бўлган. Ушбу зиддиятга ўзаро келишувлар натижасида барҳам берилган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид