17:06 / 19.10.2018
5648

Республика фонд биржаси акцияларига оид петиция пайдо бўлди

Фото: ТАСС

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида республика фонд биржаси акцияларининг сотувга чиқариш жараёнини такомиллаштириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, фонд биржасида қимматли қоғозларнинг тезкор савдо тизими қўлланиб келинмоқда. Бу тизимда савдога қўйиладиган қимматли қоғозлар, улар ҳақида маълумотга эга брокер томонидан сотувга чиқарилиши биланоқ савдо амалга оширилади.

“Таклифим шундан иборатки, Фонд биржасида савдолар қуйидаги тартибда бўлиши лозим: соат 09:30 дан 10:50га қадар сотувга қўйиш бўйича аризаларни киритиш, 11:00дан 15:00 га қадар сотиб олиш амалга оширилиши лозим. Бунда соат 15:00 га қадар акцияларни энг юқори нарх таклиф қилган шахсга сотиш амалиётини қўллаш лозим. Бундай тизим Ўзбекистон Республикаси Товар хом-ашё биржасида қўлланилмоқда ва яхши натижа бермоқда. Биржада барча иштирокчиларга тенг имконият яратиш керак. Ҳозирги савдо тизимида эса акциялар савдога чиқишини олдиндан билган брокернинг акцияларни сотиб олишдаги имконияти кўпроқ бўлмоқда. Ушбу амалиётни қўллаш акцияларни аниқ бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳалол ва ҳаққоний харид қилувчи ихтиёрига ўтишига, акциялар қимматроқ нархда сотилишига сабаб бўлади. Шунингдек, қимматли қоғозлар эгаларининг биржадан ташқари келишиб олиб савдо ўтказишининг ҳам олди олинади”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ кўп йиллик дарахтларни кўчмас мулк деб ҳисоблаш таклиф қилинаётгани хабар берилганди.

Top