Жамият | 10:07 / 20.10.2018
11681
2 дақиқада ўқилади

ОТМ талабаларини ётоқхона билан таъминлаш ҳақида петиция пайдо бўлди

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида олий таълим муассасалари талабаларини турар жой (ётоқхона) билан таъминлаш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, ушбу мурожаат орқали республикадаги олий таълим муассасалари томонидан ётоқхонага эҳтиёжи бўлган барча талабаларни ётоқхона билан таъминлаш масаласини ҳал қилиш керак. 

“Ҳозирги кунда республикамиз ОТМларида таълим олаётган талабаларнинг каттагина қисми олис туман ва қишлоқлардан келишади. Бу талабалар ўз оиласидан узоқ бўлган вақтда таълим олиш ҳамда уй-рўзғор ишлари билан шуғулланишига тўғри келади. Бунда талабалар кимнинг уйида ва қандай аҳволда ижарада туришини кўз олдингизга келтириб кўринг-чи. Талабалар ётоқхоналари номига, етарли шароитга эга бўлмаган ётоқхоналар бўлмаслиги керак. Бунинг учун талабалар ётоқхонасидаги шарт-шароитларга қўйиладиган меъёрларни ҳам белгилаш керак”, - деб ёзади мурожаат муаллифи. 

Билдирилишича, ОТМлар олдига ётоқхоналар муаммосини ҳал этиш бўйича талаб қўйиладиган бўлса, улар қуйидаги чора ва ечимдан бирини танлаши мумкин бўлади: 

1) қўшимча ётоқхоналар барпо этиш ва мавжудларини таъмирлаш; 
2) аутсорсингдан фойдаланиш, бироқ бу жараёнда хусусий сектор билан шартномани фақат олий таълим муассасаси тузиши шарт; 
3) олий таълим муассасаларининг филиалларни ташкил қилиш; 
4) масофавий таълим тизимини жорий қилиш.

“Бу таклиф амалга оширилса, талабаларнинг сифатли таълим олишига имконият яратилиб, улар ўртасида жиноятчилик ва бошқа салбий ҳолатлар камайишига хизмат қилади”, - дейди мурожаат муаллифи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ пенсия миқдорини ёшга қараб белгилаш таклиф этилганди.

Мавзуга оид