Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европада Саудияни Қошиқчи ўлими бўйича маълумотларни ошкор қилишга чақиришмоқда
Бельгия Ташқи ишлар вазири Дидье Рейндерс Саудия Арабистони ҳукуматини мухолифатчи журналист Жамол Қошиқчининг ўлими бўйича бор тафсилотларни ошкор этишга чақирмоқда. Бу ҳақда у ўзининг твиттердаги саҳифасида ёзган.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир журналистларни таҳдидлардан ҳимоялашнинг айни вақтидир.
«Биз Саудия Арабистони ҳукуматини Жамол Қошиқчи ўлими воқеасига ойдинлик киритишга чақирамиз», деган Рейндерс.
У Саудия ҳукумати бундан кейин бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун барча чораларни кўриши кераклигини қўшимча қилиб ўтган.
Америкадаги Washington Post газетаси учун мақолалар ёзган журналист Жамол Қошиқчи 2 октябрь куни Туркияда, Саудиянинг Истанбулдаги бош консулхонасига кирганидан кейин ғойиб бўлган. Журналистнинг қайлиғи сўзларига кўра, ташқарида уни 5 соат кутган, кейин ичкаридагилар у аллақачон кетгани, уни кутиш шарт эмаслиги ҳақида айтишган.
20 октябрда Саудия Арабистони Истанбулдаги консуллигида журналист Жамол Қошиқчининг ўлганини тан олди. Журналистнинг иши бўйича мамлакатнинг 18 фуқароси қўлга олинган. Бундан ташқари, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд Умумий разведка хизмати раҳбари ўринбосари, генерал Аҳмад Асирийни ишдан бўшатган.