Жаҳон | 09:43 / 24.10.2018
9214
2 дақиқада ўқилади

АҚШ «мигрантлар карвони»да гангстерларни аниқлади

Фото: Flickr

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги вакили Тайлер Хоултоннинг маълум қилишича, Қўшма Штатлар ва Мексика чегараларига яқинлашаётган «мигрантлар карвони»да жиноий тўдалар вакиллари ва «катта» жиноий тарихга эга бўлган шахслар борлиги қайд этилган. Бу ҳақда Хоултоннинг твиттерида хабар берилади.

«Ички хавфсизлик вазирлиги карвонда тўдаларга аъзо бўлган ёки жиддий жиноий тарихга эга бўлган кишилар борлигини тасдиқлайди», - дейилади идора вакилининг хабарида.

Шунинг учун, Хоултоннинг таъкидлашича, етти минг кишилик карвонни тўхтатиш миллий хавфсизлик масаласидир.

Шунингдек, вазирлик вакили Қўшма Штатларга келмоқчи бўлганларни, буни «тўғри ва қонуний» йўл билан амалга оширишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венесуэла «мигрантлар карвони»га ҳомийлик қилишда айбланганди.

АҚШ вице-президенти Майк Пенcнинг фикрича, Венесуэла ҳукумати Қўшма Штатлар ва Мексика чегараларига яқинлашиб келаётган «мигрантлар карвони»ни молиялаштиряпти. 

Пенснинг қайд этилишича, Ҳондурас етакчиси Хуан Орландо Эрнандес «карвон»ни молиялаштириш учун маблағ манбаси ҳақида айтган - унинг маълумотларига кўра, мигрантлар гуруҳига бу давлатдаги сўл ҳаракат ҳомийлик қиляпти, у эса, ўз навбатида, Венесуэла ҳукуматидан пул олади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид