Ўзбекистон | 11:46 / 24.10.2018
7455
5 дақиқада ўқилади

Ёшга оид тоифа белгиси бўлмаган ахборотни тарқатиш тақиқланди

Иллюстратив фото

“Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарор билан Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифларини аниқлаш мезонлари ҳамда уни экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб ёзмоқда Адлия вазирлиги телеграм-канали.

Низомга мувофиқ болалар ўртасида тарқалиши чекланган ахборот маҳсулотларига:

• шафқатсизлик, жисмоний ва руҳий зўравонлик, жиноят ёки жамиятга қарши бошқа ҳаракатлар тасвирланган;

• қўрқув, ваҳима ва саросима уйғотадиган;

• жинсий муносабатлар тасвирланган ёки баён этилган;

• уятли сўзлар жумласига кирмайдиган ҳақоратли сўзлар ва ибораларни ўз ичига олган ахборот маҳсулотлари киради.

Ёшга оид тоифа белгиси бўлмаган ахборот маҳсулотини тарқатиш тақиқланади.

Етти ёшга тўлмаган болалар учун ахборотларга (0+) қуйидагилар киради:

• болаларнинг соғлиғи ва ривожланишига зарар етказмайдиган;

• жанри ва сюжети эзгулик ёвузлик устидан ғалаба қозониши ҳамда зўравонлик қурбонига нисбатан раҳм-шафқат ифода этилган ахборотлар.

Етти ёшга тўлган болалар учун (7+) ахборотларга қуйидагилар киради:

• етти ёшга тўлмаган болалар учyн ахборот (“0+”);

• одам касалликлари ва улар оқибатларининг инсон қадр-қимматини камситмайдиган шаклдаги натуралистик бўлмаган ахборот;

• бахтсиз ҳодиса, авария, фалокат ёхуд куч ишатилмаган ўлимнинг болаларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотиши мумкин бўлган оқибатлари намойиш этилмаган, натуралистик бўлмаган ахборот;

• жамиятга қарши хатти-ҳаракатлар ва жиноят содир этишга ундамайдиган жиноятларнинг эпизодик тасвири ёки баёнини ўз ичига олган ахборот маҳсулотлари.

Ўн икки ёшга тўлган болалар учун (12+) ахборотларга қуйидагилар киради:

• (0+) ва (7+) ахборотлар;

• шафқатсизлик ва зўравонликнинг қурбонига нисбатан раҳм-шафқат ва шафқатсизлик, зўравонликка нисбатан салбий, қорaловчи муносабат ифода этилиши шарти билан ҳаётдан маҳрум этиш ёки жароҳат еткaзиш жараёни натурал кўрсатилмаган ахборот;

• жамиятга қарши хатти-ҳаракатлар содир этишга ундамайдиган ахборотлар.

Ўн олти ёшга тўлган болалар учун (16+) ахборотга қуйидагилар киради:

• (0+), (7+) ва (12+) ахборотлар;

• бахтсиз ҳодиса, авария, фалокат, касаллик, ўлимнинг болаларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотиши мумкин бўлган оқибатлари натуралистик равишда намойиш этилмаган ахборотлар;

• наркотик воситалар ёки психотроп ва гангитувчи моддалар тўғрисидаги, уларни истеъмол қилишнинг хавфли оқибатлари тўғрисидаги, бундай воситалар ёки моддаларни истеъмол қилишга салбий ёки қораловчи муносабат ифода этилиши ёки уларни истеъмол қилишнинг хавфли экани ҳақида огоҳлантириш мавжуд бўлиши шарти билан шундай ҳолатларни ифода этувчи ахборотлар;

• уятли сўзлар жумласига кирмайдиган ҳақоратли сўзлар ва ибораларни ўз ичига олган ахборот;

• жинсий муносабатларнинг жинсий алоқага нисбатан бўлган қизиқишдан фойдаланмайдиган ҳамда қўзғатувчи ёки ҳақоратловчи тусга эга бўлмаган эпизодик натуралистик бўлмаган ахборотлар.

Болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган (18+) ахборотлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

• болалар ҳаётига ва соғлигига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга тарғиб қилишга ундайдиган;

• болаларда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар истеъмол қилиш, қимор ўйинлари, оммавий тартибсизликларда иштирок этиш, фоҳишабозлик, дайдилик, тиланчилик ёки ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг бошқа шакллари билан шуғулланиш истагини пайдо қиладиган;

• одамларга ёки ҳайвонларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик қилиш мумкинлигини асослайдиган ёки оқлайдиган ёхуд зўравонлик хатти-ҳаракатларини амалга оширишга ундайдиган;

• оилавий қадриятларни инкор этадиган, ахлоқсизликни тарғиб қиладиган;

• ғайриқонуний хулқ-атворни оқлайдиган ва ҳуқуқбузарлик содир этишга олиб келадиган;

• жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этишга даъват қиладиган;

• уятли сўзларни ўз ичига олган;

• порнография хусусиятига эга бўлган ахборотни ўз ичига олган;

• ғайриқонуний ҳаракатлар натижасида жабрланган болалар тўғрисидаги ахборотлар киради.

Ахборот маҳсулотининг экспертизаси Матбуот ва ахборот агентлиги қарорига кўра экспертлар томонидан амалга оширилади.

Мавзуга оид