Жаҳон | 08:40 / 24.10.2018
11997
2 дақиқада ўқилади

Журналист иши. АҚШ айбдорларни қандай жазо кутаётганини маълум қилди

Фото: AP

АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг маълум қилишича, Вашингтон саудиялик мухолиф журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши учун масъул бўлган бир қатор шахсларни аниқлашга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар қилмоқда.

Помпеонинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар қотилликда айбдор бўлганларнинг визаларини бекор қилиш ниятида. Америка давлат котибининг таъкидлашича, Вашингтон бу жиноят учун масъул бўлганларга «Магнитский глобал акти» доирасида санкциялар қўллаш имкониятини кўриб чиқмоқда.

«Ушбу чоралар Қўшма Штатларнинг бу иш бўйича сўнгги сўзига айланмайди. Биз таъкидлаймизки, Америка Қўшма Штатлари журналистни жим бўлишга мажбурлаш мақсадига йўналтирилган бундай шафқатсиз зўравонлик ҳаракатларига тоқат қилмайди», - дея маълум қилди Помпео.

Шу билан бирга, Давлат департаменти раҳбари қайд этишича, АҚШ ва Саудия Арабистонининг умумий стратегик манфаатлари сақланиб қолади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони журналистнинг ўлдирилишини «жиддий хато» деб атаганди.

Мавзуга оид