Жамият | 18:22 / 26.10.2018
30918
9 дақиқада ўқилади

Эга борми? Жиззах шаҳридаги «Ўрда» экологик боғининг аянчли манзараси

«Янтоқдан ёғ чиқмайди». Ушбу халқ мақоли айнан Жиззах шаҳри марказидаги «Ўрда» экологик боғига нисбатан айтилгандек. Тарихнинг не-не бўҳронларига гувоҳ бўлган, бир пайтлар соя-салқин, ўта хушманзара, жиззахликлар учун қадимий ва азиз маскан бўлган ушбу боғ бугун жуда ачинарли ҳолатда.

Боғ дарвозасидан ичкарига қадам қўяр экансиз димоғингизга кўланса ҳид урилади. Сувсизликдан қуриб, ажриққа айланган манзарали кўчатлар, дарахтлар, бемалол ўтлаб юрган чорва моллари таъбингизни хира қилади. Уюлиб турган чиқиндилар, янтоқларни кўриб бу ер боғ эмас чангалзор, деган тасаввур уйғонади.

Боғ масъулларини қидириш асносида ўзини Суярқул Зуҳуров дея таништирган киши ташрифимиз сабабини билиб жонланиб кетди.

- Мен 18 йил олдин шу боғ яқинида дўкон қурганман, кун-у тун шу ердаман, десам муболаға бўлмайди. Тадбиркорман. Боғ менга ёшлигимни эслатади. Бир вақтлар бу ер обод ва хушманзара эди. Боғнинг кираверишидан то охиригача икки қатор қилиб ўтқазилган мажнунтоллар соясида роҳатланиб дам олардик. Тўғриси, айни пайтда, бу ерни боғ дея аташга уяламан. Яйловга айланиб қолди. Неча йиллардан бери дарахтлар кесилиб сотилаяпти, ҳеч кимнинг бу билан иши йўқ. Айтинг-чи, битта ниҳолни кўкартириб дарахт бўлиши учун неча йил керак? Мана, ёз ўтди, куз ўтяпти, боғ эса суғорилмади. Сувсизликдан қурий бошлаган дарахтларни кўрсам, юрагим ачийди. Дарахтларни буташ ва шакл бериш ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Дарвозадан кираверишда териб қўйилган контейнерлар орти боғга ташриф буюрувчилар учун ҳожатхона вазифасини ўтаяпти. Ҳусниддин Исмоилов деган йигитни боғга директор қилиб қўйишган. Бу йигит номигагина раҳбар. Ишининг тайини йўқ. Менинг фикримча, неча йиллик тарихга эга, ота-боболаримиз учун азиз маскан бўлган боғга эга керак. Шундагина ўзгариш бўлармиди...

Директорми ёки чўпон?

Боғ ичкарисида шу атрофдаги маҳалла аҳлининг чорва молларини ҳайдаш билан овора Ҳусниддин Исмоилов биз билан суҳбатда шундай деди.

- Мен бу ерда номига директорман. На маош оламан, на мансабим бор. Жорий йилнинг май ойида боғга «Люкс Шедевр Гарден» МЧЖ йигитлари контейнерлар олиб келишганида, тўғриси, жуда қувонгандим. Лекин бу узоққа бормади - май ойидан бери жим-жит. Суриштирсак, маблағ йўқ дейишди. Яширадиган нарсанинг ўзи йўқ, боғ ҳақиқатан ҳам йил давомида суғорилмади. Сув бор, аммо электр бўлмаса ишламайди. Электр энергияси эса уланмаган, тўлашга маблағнинг ўзи йўқ. Аслида, шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, шу боғ ичига ўрнашиб олган тадбиркорлар шартнома асосида бизга пул ўтказишлари керак. Афсуски, уларнинг ҳеч бири эшитишни истамайди. Шахсан «Зоҳида Нисо» номидаги хусусий клиника раҳбари қаёққа борсанг бор, сенларга бир тийин ҳам йўқ, дея жавоб берди. Бир ўзим қолдим, маош берилмас экан деб қоровул ҳам кетди. Ростини айтсам, мени ишим директорлик эмас, чўпонлик бўлиб қолди. Гувоҳи бўлганингиздек, чорва молларини ҳайдайман, эгалари билан ёқалашаман. Тозалик бўйича нима ҳам дердим, ўтган йили қариндошларимни олиб келиб ҳашар уюштирдим. Қани эди шу боғ ҳам обод бўлса, биз ҳам хурсанд бўламиз. Маош оламиз, хуллас, ишлаймиз-да... Лекин бунинг иложи бормикин?

«Ўрда» боғи «ўгай» боғми?

Бир замонлар қалин дарахтзор, фаввораларидан сув ўйнаб, жиззахликларнинг баҳри дилини очган, оилавий дам олиш маскани ҳисобланган «Ўрда» боғи бугун кимсасиз, қаровсиз ҳолда. Хўрланган, етим боладек шумшайиб турибди... Шу ўринда айтиш жоизки, бу боғ кеча ёки бугун хароб аҳволга келган эмас. Йиллар давомида нураб бораётган боғ кўнглингизда ачиниш ҳиссини уйғотади. «Жиззахлик» маҳалласида яшовчи Саодат Камолованинг фикрлари эса кишини ўйлашга мажбур этади.

- Эсимда, ҳафтанинг дам олиш кунлари таниқли саънаткорлар келиб шу боғда бепул концертлар қўйишарди. Раҳматли ота-онам, жигарларим билан сайрга келар эдик. Шу ердан ўтар эканман кўзларимга ёш келади – отам-онам ёдимга тушади. Мен раҳбарларга шу саволни бермоқчиман - «Ўрда» боғи «ўгай» боғми? Ахир бу Жиззах марказидаги ер жиҳатдан энг катта ва қадимий боғ бўлса... Боғ атрофи-ю ичкарисига кимдир тўйхона, клиника, ошхона, санаторий, дўкон қурса, дарахтлар кесилиб кетаверса, боғдан нима қолади? Раҳбарлар бири келиб, бири кетаверса, боғ учун ким жон куйдиради? Нега биз невараларимизни олиб Тошкентга ёки Самарқандга боришимиз керак? Боғ электр энергия таъминотидан узилган. Кечаси бу ер зимистонга айланади. Ҳар ким истаган ишини қилади. Ахир бу ер нафақат боғ, балки зиёратгоҳ ҳамдир. Боғ ичида «Бобоякка» зиёратгоҳи бор. Боз устига бу ерга не-не улуғ инсонлар ташриф буюрмаган дейсиз. Шу боғни обод бўлишини истаймиз. Ниятимиз шу.

Боғ тўғрисида маълумот олиш мақсадида унга масъул мутасаддиларни қидирамиз. Дастлаб Жиззах вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан боғландик. Бошқармадагилар боғ Жиззах шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтганлигини билдиришди. Шаҳар ҳокимияти котибиятидагилар эса боғ вилоят маданият бошқармаси балансида эканлигини айтишди. Жиззах вилояти маданият бошқармаси раҳбари Камол Фахрадов эса «Ўрда» боғи вилоят ҳокимининг қарори асосида «Люкс Шедевр Гарден» МЧЖга узоқ муддатга ижарага берилганлигини ва йил сўнгига қадар обод бўлишини таъкидлаб ўтди.

Тадбиркорга ким мададкор?

«Люкс Шедевр Гарден» МЧЖ раҳбари Элёр Зокировдан муаммо борасида маълумот олиш илинжида қўнғироқлашдик. Тадбиркор қўнғироқ сабабини англагач, Тошкентда эканлигини, аммо барча ишини ташлаб ҳозироқ Жиззахга етиб боришини таъкидлади. Суҳбат давомида эса тадбиркорнинг нега биз билан учрашишга ошиққанлиги сабабини англагандек бўлдик.

- Юртдошларимизнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари, бўш вақтларини сермазмун ўтказишлари, шаҳримиз марказининг туристик жозибадорлигини ошириш мақсадида  боғни обод қилишга бел боғладим. Сизга ёлғон менга чин, бу эзгу ҳаракатни бошлаганимга бир ярим йилдан ошиқ вақт ўтди.

Шу вақт мобайнида мен йиғмаган ҳужжат, имзолатмаган хат, кирмаган идора қолмади. Вазирлар Маҳкамасининг рухсати керак, уни кутяпмиз. Кредит учун гаров ҳам бор. Ҳужжатлар тайёр. Мана, чехиялик инвесторлар билан шартнома туздик. Улар томонидан киритилиши лозим бўлган маблағ ҳам келишилди. Шунингдек, чехиялик бўлажак ҳамкорларимиз вилоятимиздаги ичимлик суви муаммоларини ҳал қилиш бўйича бир неча таклифлар киритишди. Айнан шу боғни лойиҳаси учун 400 миллион сўм сарфланди. Лойиҳага кўра, ушбу дам олиш масканида амфитеатр, миллий кутубхона, овқатланиш шохобчалари, велойўлакчалар, бассейн қурилади. Инвесторлар, ишчиларимиз, ўзимиз ҳам тайёрмиз. Фақат ҳали-ҳамон имзо кутиб сарсонмиз. Қани эди шу сарсонгарчиликлар тугаса, тезроқ кредит олсагу ишни бошласак. Гапнинг қисқаси тадбиркорга мадад керак, бўлмаса бари бекор. Айтганча, қарорда қайд этилган муддат ўтиб кетяпти. Мен ҳали-ҳамон ҳужжат йиғиш билан овораман.

Англаганингиздек, барчанинг боғ билан боғлиқ муаммога ўз фикри, сабаб ва важлари бор. Суҳбатдошларимизнинг фикрини эшитар эканмиз, тўғриси, Камол Фахрадов айтганидек, йил сўнгигача боғ обод бўлишига ишонмадик. Бу борада тегишли мутасаддиларнинг фикри қандай? Боғ қачон обод бўлади? Юртдошларимизнинг орзу-истаклари амалга ошадими? «Турли йўллар» билан боғ ичига «суқилиб» кирган клиника, санаторий ва ҳоказоларнинг фаолияти ўрганиладими?

Хулоса ўрнида шундай деймиз. «Ўрда» боғига раҳбарларимиз ўгай кўз билан қарашмасин. Не-не улуғ инсонларга бешик бўлган Жиззахнинг қадимий боғи эгасиз қолмасин. KUN.UZ эса бу масала юзасидан мутасаддиларнинг фикрини ва муаммога амалий ечимини кутиб қолади. Демак, воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Гулчеҳра Шарипова

Мавзуга оид