15:23 / 26.10.2018
4240

«Арсенал» португал клублари билан баҳслардаги салбий анъанасига чек қўйди

Фото: AP

«Арсенал» Европа Лигаси гуруҳ босқичининг 3-турида «Спортинг» клубини 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа, клубнинг ғалабали серияси 11 та ўйинни ташкил этмоқда.

Жамоа 2007 йил октябридан буён илк марта барча мусобақалар доирасидаги қаторасига 11 та учрашувда фақат зафар қучиб келмоқда. Ушбу баҳслар давомида лондонликлар 31 та гол киритиб, 9 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди; 4 учрашувда эса гол ўтказиб юбормади.

Шу билан бирга, кеча «тўпчилар» ўз тарихида илк марта Португалия клубини сафарда мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. Ҳозирга қадар португал жамоалари билан сафардаги 6 та баҳсда 3 тадан дуранг ва мағлубият қайд этиб келинган эди.

25 октябрь куни «Арсенал» устози Унаи Эмери Европа Лигасида мураббий сифатидаги 34-ғалабали ўйинини ўтказди ва бу борада ўзи ўрнатган мусобақа рекордини янгилашда давом этмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Эмери 2013-2016 йилларда «Севилья» клубини бошқарган ва шу йиллар давомида кетма-кет 3 марта ушбу турнирда ғолиб бўлган эди. У 2013/14 йиллар мавсуми якунига кўра Европанинг энг яхши мураббийи деб топилган.

Top