Жамият | 19:46 / 26.10.2018
13286
3 дақиқада ўқилади

Kun.uz’га келиб тушган мурожаат Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамкорлигида ҳал бўлди

Kun.uz таҳририяти фуқаролардан келган мурожаатларни жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш, имкон даражасида уларга ижобий ечим топиш борасида саъй-ҳаракат кўрсатиб келади. Шундай мурожаатлар орасида бир неча 10 йиллардан бери ечим топмаётган муаммо эътиборимизни тортди. 

Мурожаатда Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Машинасозлар кўчаси, 6-уй манзилида жойлашган, Қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази балансида бўлган ётоқхонага бир неча йиллардан бери хусусий уй жой мақоми берилмаётгани, унда истиқомат қилиб келаётганлар оғир шароитларда яшашларига тўғри келаётгани, иситиш тизими, электр энергияси ва табиий газ таъминоти, ётоқхонани таъмирлаш ишлари эга бўлмагани туфайли умуман талабга жавоб бермаётгани қайд этилган эди. 

Таҳририят тасвирга олиш гуруҳи мурожаат манзилига бориб муаммони ҳар томонлама ўрганди. Ётоқхонада, оғир шароитларда яшаб келаётган фуқаролар билан учрашиб, дардлари тингланди. Масала юзасидан Юнусобод тумани ҳокимлиги, шаҳар прокуратурасига мурожаат қилинди. Тошкент шаҳар прокуратурасининг тегишли кўрсатмаси билан мазкур муаммо ўрганиш вазифаси Юнусобод туман прокуратурасига берилди. Аҳоли билан юзма юз мулоқот қилиниб, масала чуқур ўрганилди ва тегишли чоралар кўрилди. 

Натижада туман хокимлигининг Давлат қабул ҳайъати ташкил этилиб, унинг 2018 йил 20 августдаги далолатномасига асосан Қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази балансида бўлган ётоқхонага уй-жой мақомини берса бўлади, деган хулосага келинди.

Юнусобод туман ҳокимлиги 2018 йил 12 октябрь куни ўзининг 1660-сонли қарори билан  Қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш марказининг 2018 йил 25 августдаги туман ҳокимлигига йўллаган 05/04-04-1021 сонли хати ҳамда Давлат қабул ҳайъатининг далолатномасини инобатга олган ҳолда, ЎзР Уй-жой кодексига асосан, Юнусобод тумани, Машинасозлар кўчаси, 6-уй манзилида жойлашган ётоқхона туман ҳокимияти балансига ўтказди. Шу билан у  Давлат турар-жой фондига киритилган. 

Эндиликда, мазкур уйда истиқомат қилувчи фуқаролар, ўзлари яшаб турган хонадонларни белгиланган тартибда хусусийлаштиришлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, бинони таъмирлаш, коммунал хизматларни яхшилаш каби масалаларга барҳам бериш имкони пайдо бўлган. 

Мавзуга оид