Иқтисодиёт | 11:13 / 26.10.2018
23736
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон ўзбек газини келишилганидан паст нархда олмоқда

Фото: Flickr

Тожикистон Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлигининг «Тожикистонда мониторинг ва эрта огоҳлантириш» ойлик ҳисоботига кўра, жорий йилнинг 1 октябрига қадар Тожикистон Ўзбекистондан тахминан 10 миллион куб метр табиий газ импорт қилди, деб хабар бермоқда «Азия-плюс».

Таъкидланишича, Ўзбекистондан олинган «кўк ёқилғи»нинг умумий қиймати қарийб 1 миллион долларга тенг бўлди.

Жорий йилнинг март ойида икки мамлакат газ тақсимлаш компаниялари томонидан имзоланган шартномага мувофиқ, Тожикистон учун ҳар минг куб метр ўзбек газининг нархи тахминан 120 доллар этиб белгиланган. Аслида эса, ҳар минг куб метр газ Тожикистонга 100 долларга сотилган.

Ўзбек газининг асосий истеъмолчиси Тожикистон алюминий компанияси ҳисобланади. Бундан ташқари, импорт қилинадиган ёқилғи «Азиз» АЖ, «Ғозий Регар», ғишт ишлаб чиқариш ва бошқа корхоналарга кичик миқдорда етказиб берилмоқда.

«Тожиктрансгаз»дан маълум қилишларича, ўзбек газини етказиб бериш бошқа корхоналарга ҳам амалга оширилиши мумкин, бунда уларнинг тегишли инфратузилмага эга бўлиши шарт ҳисобланади.

Кутилишича, Душанбе ИЭМ-1 1 ноябрдан иситиш мавсуми бошланиши билан асосий ёқилғи сифатида ўзбек газидан фойдаланади. Ушбу корхона аввал ҳам қўшни давлатдан импорт қилинувчи газни ишлаб келган. Бироқ, уни 2000-йиллар охирида етказиб бериш тўхтатилгандан сўнг, компания муқобил ёқилғи - мазутда ишлаган.

Жорий йилнинг март ойида икки мамлакатнинг газ тақсимлаш компаниялари томонидан имзоланган шартномага мувофиқ, Ўзбекистон 2018 йилда Тожикистонга қиймати 15,1 млн доллар бўлган 126 миллион куб метр табиий газ етказиб беришни ўз зиммасига олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон электр энергияси экспортининг асосий ҳажми Ўзбекистон ва Афғонистонга тўғри келаётгани хабар берилганди.

Мавзуга оид