Жаҳон | 21:22 / 29.10.2018
7582
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳарбийлари мигрантлар карвонида келаётган “бандитлар”ни кутмоқда – Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп америкалик ҳарбийлар Гондурас, Гватемала ва Сальвадордан келаётган мигрантлар карвони ичидаги жиноятчилар ва “ёмон йигитлар”ни кутиб олишга тайёрлигини билдирди.

"Бизнинг жанубдаги Мексика билан чегарамизга йўл олган мигрантлар карвонига кўплаб бандитлар ва ёмон йигитлар қўшилиб олган. Марҳамат қилиб ортга қайтинг, сизлар қонуний жараёнлардан ўтмагунингизча АҚШга қўйилмайсизлар. Бу бизнинг мамлакатимизга бостириб киришдир ва ҳарбийлар сизни кутиб турибди!", — деб ёзди Трамп Twitter саҳифасида.

Ушбу баёнот АҚШ Мексика билан чегарага 5 минг ҳарбийни ташлаши ҳақидаги хабарлар манзарасида пайдо бўлди. Пентагон ҳозирча бу хабарларни тасдиқламади.

БМТ раҳбари вакили ўринбосари Фархан Хак Гондурасдан АҚШ томон йўл олган қочоқларнинг биринчи карвони 7 минг кишидан иборат эканлигини маълум қилган. Улар Гондурас, Гватемала ва Сальвадордан АҚШ томон бир неча кун аввал йўлга чиқишган.  

Мавзуга оид