Нега Андижонда Президент қарори ижро этилмаяпти?
Навбатдаги ҳикоямиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ПҚ-3777-сон қарорини Андижон вилоятида амалга оширилиши борасидаги жараёнларга бағишланади.
Youtube'да кўриш
Facebook'да кўриш
Mover.uz'да кўриш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу қарорига кўра, мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида, энг аввало олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилишини таъминлашга қаратилган «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури амалга оширилиши, бу энг аввало 2018 йилнинг 10 июнидан бошлаб намунавий тарзда Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланган эди.
Шунингдек, қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (А.К. Мирсоатов)га ушбу кредит маблағларини Дастур координаторлари тақсимотига асосан Андижон вилоятида фаолият юритувчи тижорат банкларига йиллик 3 фоиз тўлов шарти билан қайта молиялаштириш вазифаси юклатилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Адлия вазирлигига берилган тавсияга асосан «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2018 йил 9 июнда 3022-сон билан рўйхатдан ўтказилди.
Шу тариқа Президент қарорини ижросини таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирларга старт берилди.
Қарорда белгиланган вазифалар ўлароқ Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари фаол ишга киришдилар. Табассум билан чорва олаётган андижонликлар, виқор билан салобат тўкиб турган ҳоким ва унинг ўринбосарлари, замонамиз қаҳрамони бўлиб гавдаланаётган фермер ва агрофирма раҳбарлари тасвирланган суратлар бутун интернет бўйлаб тарқалди. Ҳамма хурсанд ҳамма шод. 10 бош чорва олган андижонлик ҳам, яхшигина даромад қилаётган фермер ёхуд агрофирма раҳбари ҳам, қарор ижросини бажариб “очко” олаётган ҳокимлик ҳам.
Бироқ, воқеалар ривожи Президент қарорида белгилаб берилганидек давом этмади, .
Хуллас, Андижонга сафаримиз чоғида “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастурини амалга ошириш борасида фермер хўжаликлари ва агрофирмаларни қийнаб келаётган муаммога дуч келдик. Гап шундаки, урра-уррачилик билан ҳокимлик топшириғига кўра агрофирма ва фермерларлар фуқароларга чорва молларини тарқатган. Уч томонлама шартномалар тузилиб, чорва пуллари банк томонидан қопланиши керак бўлган. Фуқаролар эса бу маблағни йиллик 7 (етти) фоизлик имтиёзли кредит асосида қайтарилиши келишилган эди. Ҳатто банк томонидан агрофирма ва фермерларга кафолат хатлари ҳам берилган. Бироқ қарсаклар билан ўтган тадбирлардан сўнг агрофирмалар ва фермерларнинг пулларидан дарак йўқ.
“Мен июнь-июль ойларида қарор чиқиши билан ҳаракатни бошлаганман. Аслида ўтган йили десам ҳам бўлади. Нотариус тасдиғидан ўтган хужжатим ҳам қолиб кетаверган. Ўзимиз хабар берамиз, ўзимиз айтамиз, дейишди. Йўлда қолди умрим. База очилди, база ёпилди. Ҳатто, Марказий банк рухсат бермаяпти деган эди, Тошкентга ҳам бордим. Адресини билиб, киришдан олдин кредит бўлимидаги Санжарга телефон қилдим. Кутиб-кутиб умрим ўтди. Энди ўзим келдим. Бизга масъул одамни айтинг дегандим. Опа қайтинг, сизга база очилган биринчи бўлиб сизга берилади, деди. Шунақа қилиб, қорамол қолиб кетиб, бўрдоқчилик бошланди. Хужжатларни қилиб бердик. Папкалар тўлди, неча маротаба расмларга ҳам тушдик. Расмларни олаверади, бизга эса “бўлади” деган жавоб беришади. Ҳали банкка, ҳали ҳокимиятга югураман. Уйимдаги қўйлар пули тўланмаган. Ўзим боқувчисини йўқотганман. Кам таъминланган оиламиз. Касаба уюшмаси, сифат аниқловчиси бўйича штатли ишларда ишлаганман. Ҳар йили пиллаларни боқиб бераман. Мен Президент қарорига ишонган бўлсам. Халқ қабулхонасига ҳам мурожаат қилдик” дейди боши қотган фермер Мавлуда опа.
Асосан Агробанк ва Халқ банки филиаллари билан тузилган шартномалар учун мана орадан ойлар ўтса ҳамки тегишли маблағлар ўтказиб берилгани йўқ. Аҳамиятли жиҳати, улар аҳолидан чорвани қайтариб олай деса аҳоли бунга розилик бермайди, баъзилари эса пуллаб ҳам улгурган.
Чорва тарқатган агрофирма ва ва фермер хўжаликлари вакиллари билан суҳбатлашдик.
“Дастур ишлаб чиқилгандан сўнг тадбиркор бўлганимиз сабабли аҳоли қийналмасин, уларга ёрдамимиз тегсин деб бу ишга қўл урган эдик. Вилоят ҳокимиятидан ишчи гуруҳ келиб қўйларимизни сони, сифати, қачон даволангани ўрганилди. Марказий банкни рўйхатида бўласизлар, кейин бемалол тарқатишингиз мумкин, дейишди. Шундан сўнг, маълумотномани банкка бердик. Банк ходимлари келишди, аҳоли билан биргаликда қўйларни тарқатдик. Тахминан 1 хафтада 800 дона қўй тарқатдик. 12 июлда 280 миллион пул тушди. Кейин бошқа пул тушмади. Ҳозир менга банк 523 миллион пул тушириб бериши керак” дейди тадбиркорлардан бири.
“83 та хонадонга 1000 дан ошиқ қўйлар аҳолига топширилди. Маблағ эса олингани йўқ. Аҳолидан қандай сўраймиз” дейди “Раҳим ривож” агрофирмаси раҳбари.
Яна бир фермер хўжалиги раҳбарининг айтишича, “Андижонликларга камбағал юриш ярашмайди. Ҳар бир оила тадбиркор бўлиши керак, деган яхши таклиф билан чиқди. 200 миллион доллар адашмасам ажратаман деди. Ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Ўша йиғилишда барча банк вакиллари бор эди. Банкни кафиллиги асосида аҳолига бердик. Тахминан вилоят бўйича 28 миллиардлик тарқатилган. Пул бўлса тушмаяпти”.
Биз йўлимизни банклар томон бурдик. Бироқ, пахта йиғим-терими туфайли (шундай изоҳ берилди) банкнинг хеч бир мутасаддисидан изоҳ олишни имкони бўлмади.
Олган маълумотимиз шу бўлдики, “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури учун ажратилган кредит маблағларини сарфланиши ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, унинг натижасига кўра ажратилган маблағлар банклар томонидан мақсадсиз ишлатилганлиги ҳақида ҳулоса қилинган. Шундан сўнг, ҳукумат томонидан ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳга 2018 йил 23 июлдан бошлаб вилоятда “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида жисмоний шахсларга қорамол, қўй, эчки ва парранда сотиб олишга кредитлар ажратиш наслли чорва молларини маҳаллий шароитларга мосланганларини етказиб бериш тизими (аниқ ҳисоб-китоблар асосида) жорий қилингунга қадар, асаларичиликни ривожлантиришга кредитлар ажратиш Асаларичилар уюшмаси мутахассисларининг ҳулосасига кўра, асалари уяларини жойидан қўзғатиш мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабли уяларини сотиш даврига (апрел-май ойиниг 15 санасига) қадар вақтинча тўхтатиб туриш тавсия этилган.
Шу сабаб бўлиб, тижорат банклари томонидан вилоятда дастур бўйича кредит маблағларини ажратиш бутунлай тўхтатиб қўйилган. Бу вақтга келиб, агрофирмалар ва фермер хўжаликлари томонидан аҳолига қарийб 28 млрд. сўм қийматдаги қорамол, қўй, эчки ва паррандалар еказиб берилган, бунинг учун маблағлар тегишли банк муассасасидан ўтказиб берилиши кутилаётан эди.
Натижада, ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташланган қадам ушбу сиёсатни қўллаб-қуввалаган ва кўмаклашган агрофирмалар ва фермер хўжаликларининг барбод бўлиши билан якун топмоқда.
Мазкур вазиятда биз агрофирма ва фермерларга белгиланган тартибда судга мурожаат қилишлари лозимлиги ҳақида тавсия бера олдик, холос.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорининг ижроси жойларда етарли даражада таъминланмаётганлигини мутасаддиларнинг масъулиятсизлигига йўйдик.
Мавзуга оид
22:45 / 19.11.2024
Маданий мерос агентлиги Андижондаги Бобур ҳайкалини кўчириш бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдирди
10:40 / 19.11.2024
Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилмоқда
21:10 / 18.11.2024
Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади
11:09 / 08.11.2024