23:07 / 31.10.2018
4164

Могерини журналистлар ҳуқуқлари ҳимояланиши зарурлигини ёдга солди

Фото: РИА Новости / Алексей Витвицкий

Европа Иттифоқи халқаро журналистларга қарши жиноятларнинг жазосизлигини тўхтатиш куни (2 ноябрь) олдидан барча давлатлар  ОАВ эркинлиги ва журналистларнинг хавфсизлигини ҳимоялаш олдидаги мажбуриятларини бажариши кераклигини ёдга солди. 

“Ҳаддан ташқари кўп журналистлар ўз иши учун таҳдидлар ва ҳужумларга йўлиқмоқда. Бу ҳужумларни амалга оширувчи шахслар эса кўпинча жазосиз қолмоқда”, - дейилади ЕИ дипломатияси раҳбари Федерика Могерини номидан йўлланган хатда. 

Унинг сўзларига кўра, Евроиттифоқ мамлакатларида журналистларнинг ўлдирилиши дунёнинг ҳеч бир минтақаси бундан суғурталанмаганини намойиш қилмоқда. 

“Саудиялик журналистнинг Истанбулда ўлдирилиши каби  бундай даҳшатли жиноятлар яхшилаб ўрганилиши керак”, - дейди Могерини ва бу борада Саудия Арабистонининг ишончли ҳамкорлик қилишига умид билдиради. 

“Европа Иттифоқи доирасидаги ва ундан ташқаридаги барча давлатлар муносиб ҳуқуқий муҳитни яратиш, журналистларга бўлаётган таҳдидларга жиддий эътибор қаратиш йўли орқали фикрни ифодалашдаги эркинлик ва журналистларнинг хавфсизлигини ҳимоялашга оид мажбуриятларини бажаришлари зарур”, - дея қўшимча қилди у.

Top