АҚШ президенти Доналд Трамп 19 март, пайшанба куни Эронни дунёдаги энг йирик газ кони — “Жанубий Парс”ни тўлиқ йўқ қилиш билан таҳдид қилди. Оқ уй раҳбари Truth Social ижтимоий тармоғида ёзишича, агар Ислом Республикаси Қатар энергетика инфратузилмасига зарбаларни давом эттирса, у шундай қилишга мажбур бўлади.

Бир кун аввал Эронга қарши урушда АҚШ билан бирга иштирок этаётган Исроил “Жанубий Парс”га зарба берган эди. Трампнинг баёнотига кўра, бунда коннинг фақат кичик бир қисмигина зарар кўрган. АҚШ ва Қатар “ушбу аниқ ҳужум ҳақида билмаган”, аммо Эрон бунга жавобан Қатарнинг Рас-Лаффан саноат зонасидаги нефт-газ мажмуасига “асоссиз ва адолатсиз равишда” ҳужум қилган, деди АҚШ президенти.

“Агар Эрон мутлақо айбсиз томонга — бу ҳолда Қатарга ҳужум қилишга қарор қилмаса, Исроил бундан буён ўта муҳим ва қимматли “Жанубий Парс” конига ҳеч қандай ҳужум қилмайди”, — дея ваъда қилди Трамп.

“Бундай ҳолда Америка Қўшма Штатлари, Исроил ёрдами билан ёки ёрдамисиз, бу бутун конни Эрон ҳеч қачон кўрмаган даражадаги куч ва қудрат билан йўқ қилади”, — деди у.

Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, у “Эрон келажаги учун узоқ муддатли оқибатлар” туфайли бундай даражадаги зўравонлик ва вайронгарчиликка “рухсат беришни истамайди”. “Жанубий Парс” Ислом Республикасининг газга бўлган ички эҳтиёжининг тахминан 70 фоизини қоплайди.

“Жанубий Парс” газ конига берилган зарбанинг оқибатлари

18 март куни Эрон ахборот агентликлари Эрон Қатар билан бўлишадиган “Жанубий Парс” конига Исроил ҳужум қилганини хабар қилди. Трампнинг баёнотига қарамай, Исроил амалдорлари АҚШ бу операция ҳақида олдиндан билганини айтмоқда, деб ёзади Reuters агентлиги ва Axios нашри.

Исроил зарбаларидан бир неча соат ўтгач, Ислом Республикаси Қатардаги Рас-Лаффан саноат зонасида жойлашган энг йирик нефт-газ мажмуасига баллистик ракеталар билан ҳужум қилди. Мажмуа ҳудудида ёнғин чиққан. QatarEnergy компанияси Рас-Лаффандаги корхонага “сезиларли зарар” етганини маълум қилди, бироқ ходимлар жабр кўрмаганини таъкидлади. Қатар ҳокимияти Эрон “барча қизил чизиқларни кесиб ўтди” деб баёнот берди. Эроннинг ҳарбий атташеси ва хавфсизлик масалалари бўйича атташеси Доҳада persona non grata деб эълон қилинди.

Шу билан бирга, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи Теҳрон Исроил ҳужумига жавоб сифатида ўз кучларининг “фақат бир қисми”ни ишга солганини, гўёки бу “кескинликни пасайтириш ҳақидаги илтимосни ҳурмат қилиш” туфайли бўлганини айтди. Арағчи яна шундай таҳдид қилди: агар Ислом Республикаси инфратузилмаси ҳужумга учраса, Теҳрон энди “ҳеч қандай вазминлик” кўрсатмайди.