Спорт | 16:03 / 31.10.2018
15093
2 дақиқада ўқилади

«Реал»нинг Почеттинога таклифи бўйича янги тафсилотлар эълон қилинди

Фото: Getty Images

Европа матбуоти «Тоттенҳэм» бош мураббийи Маурисио Почеттино фаолиятини «Реал»да давом эттириши ҳақидаги хабар беришда давом этмоқда.

Навбатдаги янгилик The Sun томонидан тарқатилди. Нашрга кўра, Мадрид мураббийга ҳозирги маошидан икки баробар кўп миқдорда ойлик тўлашга тайёр. Аниқроғи, Почеттинога йилига 17 миллион фунт маош таклиф қилиниши мумкин.

Манбанинг аниқлашича, «қаймоқранглилар» ушбу мураббийни биринчи рақамли номзод сифатида кўрмоқда ва унга 5 йиллик шартнома лойиҳасини тақдим этишни режалаштиришмоқда. Мураббийнинг ушбу вақт давомида оладиган маоши умумий миқдорда 85 миллион фунтни ташкил этади.

Қўшимча қилинишча, «Реал» президенти Флорентино Перес мавсум ўртасида ушбу йирик лойиҳага қўл уриб бўлмаслигини тушуниб турибди. «Шпорлар» бош ижро директори Даниэл Леви бунга қаттиқ қаршилик кўрсатган тақдирда Перес ёзгача кутишга тайёр.

Маълумот учун, 46 ёшли мутахассис 2014 йил майидан буён Лондон жамоасига устозлик қилиб келади. У ўтган вақт давомида икки маротаба шартномасини янгилаган, сўнгги марта шу йилнинг майида 5 йиллик битимга имзо чекиб, «Тоттенҳэм»да 2023 йилгача ишлашга рози бўлган эди. Аргентиналик ҳозирги иш жойида йилига 8,5 млн фунт маош олади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жамоа футболчилари Почеттино кетиб қолиши мумкинлигидан хавотирда экани хабар қилинганди.

Мавзуга оид