Жаҳон | 07:40 / 01.11.2018
3666
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Мексика билан чегарада 15 минггача ҳарбий жойлаштиради

Фото: AP Photo/J. Scott Applewhite

АҚШга ноқонуний муҳожирлар карвони кирмаслиги учун Мексика билан чегарада 15 минггача ҳарбий жойлаштирилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп айтиб ўтди. 

Ҳозир Мексика ҳудуди бўйлаб АҚШга Гондурасдан муҳожирлар карвони йўл олмоқда. Мексика ҳукумати маълумотларига кўра, карвонда 3,6 мингдан кўпроқ одам бор. Аввалроқ Трамп АҚШга йўл олаётган карвонда жиноятчилар ва Яқин Шарқдан шубҳали кимсалар борлигини айтган. АҚШ ҳукумати муҳожирларнинг АҚШ ҳудудига киришининг олдини олиш мақсадида чегарачиларга ёрдамга 800 ҳарбий юборишга кўрсатма берган.     

“Жуда хавфли бўлган карвонга келсак, нима бўлаётганини кўриб турибсиз, ҳарбийларимиз тайёр. Бизда 5 минг ҳарбий тайёр турибди, яна 10-15 минг ҳарбий, шунингдек, чегарачилар, миграция хизмати ходимлари ва бошқалар бўлади. Ҳеч ким АҚШга ноқонуний кирмайди, биз бунга йўл қўймаймиз”, деб айтган Трамп журналистларга.  

Трамп Сальвадорда муҳожирларнинг иккинчи карвони шаклланганидан хавотир билдирган ва АҚШ ҳукумати муҳожирлар келаётган бу давлат ва бошқа давлатларга молиявий ёрдам кўрсатишни тўхтатишни кўриб чиқаётганини тасдиқлаган.

Сальвадорликлар карвони АҚШга 28 октябрда йўл олди. Карвон иштирокчилари бундай қилишларига Сальвадордаги зўравонликлардан қочиш ва ўзларига яхши ҳаётни таъминлашга уринишни сабаб қилиб кўрсатишмоқда. Таъкидланишича, ушбу давлатдан яна битта муҳожирлар карвони шаклланган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид