Иқтисодиёт | 09:27 / 01.11.2018
11496
8 дақиқада ўқилади

Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тўғрисидаги янги низом тасдиқланади

Фото: Fotolia / Aleksandar Mijatovic

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизими маълумотларига асосан 2018 йил 1 декабрига қадар ноҳалол экспорт қилувчиларнинг реестри яратилиб, Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилади.

Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, юридик шахслар — мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.

Якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс ташкил этмасдан тузилган деҳқон хўжаликларига мева-сабзавот маҳсулотларини олдиндан тўлов, очилган аккредитив ёки харидор банкларининг кафолати мавжудлиги каби шартларидан бири бўлгандагина экспорт қилиш ҳуқуқи берилади.

Экспорт операциялари бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлиши мева-сабзавот маҳсулотлари учун 120 кун этиб белгиланади.

Экспорт қилувчининг ташқи савдо контрактлари бўйича тўлов муддати ўтган дебитор қарздорлиги бўлса, унинг кейинги экспорти фақат 100 фоизли олдиндан тўлов асосида амалга оширилишига рухсат берилади.

Ташқи савдо контрактлари бўйича тўлов муддати ўтган дебитор қарздорлик пайдо бўлишига бевосита экспорт қилувчи жавобгар бўлади.

Экспорт қилувчилар экспорт контракти тузмасдан қуйидаги шартларга риоя қилган ҳолда инвойс асосида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳуқуқига эга:

экспорт қилувчиларнинг Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларидаги ҳисобварақларига Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан чет эл валютасида банк ўтказмалари, шунингдек чет эл ёки миллий валютадаги нақд пул маблағларини белгиланган тартибда банк кассаларига киритиш орқали 100 фоиз олдиндан тўлов олиш;

экспорт божхона юк декларациясида мева-сабзавот маҳсулотларининг фактура қийматини инвойс валютасида кўрсатиш.

Тижорат банклари томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига (кейинги ўринларда ТСОЯЭАТ деб юритилади) миллий валютадаги нақд маблағлар тўғрисида маълумотлар киритилган тақдирда, мева-сабзавот маҳсулотларининг миллий валюта эквивалентидаги умумий фактура қиймати божхона юк декларацияси қабул қилинган кунда Ўзбекистон Республикаси Марказий банк курси бўйича ТСОЯЭАТда божхона расмийлаштируви учун қайд этилган суммадан ошмаслиги зарур.

Божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфининг белгилари аниқланмаган ҳолларда, мева-сабзавот маҳсулотларининг божхона расмийлаштируви экспорт қилувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида божхона кўриги ўтказилмасдан амалга оширилади ва бундай маҳсулотлар ортилган транспорт воситасига божхона расмийлаштируви амалга оширилган божхона органи томонидан идентификация воситалари ўрнатилади. Бунда ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш ҳолатлари учун экспорт қилувчи жавобгар ҳисобланади.

Юридик шахслар мева-сабзавот маҳсулотларини кейинчалик экспорт қилиш учун жисмоний шахслардан сотиб олганда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзлар жисмоний шахслар томонидан сотилган маҳсулотлар уларга ёки уларнинг оила аъзоларига ажратилган ер участкаларида етиштирилганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этилмасдан қўлланилади.

Экспорт контрактлари бўйича экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотларини белгиланган жойгача транспортда ташиш пайтида ушбу Низомнинг иловасига мувофиқ фактура қийматига тузатишлар киритиш учун қўлланиладиган “Экспорт қилинган янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари, узум ва полиз экинларининг табиий йўқотишлари нормативлари” доирасида табиий йўқотишлар бўлган ҳолларда, экспорт қилувчи бу ҳақида ТСОЯЭАТга ахборот киритади.

Экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотларининг табиий йўқотишлари мавжуд бўлганда, йўқотиш суммаси дебитор қарздорлик сифатида ҳисобга олинмайди, балки экспорт қилувчи балансининг харажат қисмида ҳисобга олинади. Йўқотиш суммаси олдиндан тўлов сифатида эътироф этилганда, табиий йўқотишлар суммасига тенг мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчи томонидан ТСОЯЭАТга киритилган маълумотлар асосида юклаб жўнатилади.

Табиий йўқотишлар суммаси хизмат кўрсатувчи банк томонидан экспорт қилувчининг табиий йўқотишлар суммаси тўғрисида ТСОЯЭАТга киритилган маълумотлар асосида экспортга юкланган маҳсулотлар суммасидан камайтирилади.

Янги узилган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш натижасида юзага келган йўқотиш суммаси хорижий шерикка қайтарилиши лозим ёки кейинги етказиб беришлар учун олдиндан тўлов деб ҳисобланиши мумкин. Бунда экспорт божхона юк декларациясида қайд этилган янги узилган мева-сабзавот маҳсулотларининг фактура қийматига тузатишлар киритилмайди.

Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт нархлари даражаси тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги томонидан ҳар 10 кунда камида бир марта ўз расмий веб-сайтида, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчиларнинг ахборот порталида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида чоп этилади.

Бунда, экспорт қилувчиларга мева-сабзавот маҳсулотларни экспортга чиқаришда Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги томонидан чоп этилаётган экспорт нархлари даражасига асосланиш тавсия этилади.

ТСОЯЭАТга киритилган экспорт контрактлари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган экспорт қилувчилар реал вақт режимида автоматик равишда шаклланадиган ноҳалол экспорт қилувчилар реестрига киритилади.

ТСОЯЭАТга хизмат кўрсатувчи тижорат банк томонидан муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик мавжуд шартномалари доирасида ушбу қарздорлик суммасидан кам бўлмаган миқдордаги хорижий валюта тушумлари тўғрисида маълумот киритилгандан сўнг тадбиркорлик субъектлари реал вақт режимида шаклланадиган ноҳалол экспорт қилувчилар реестридан чиқарилади.

Ноҳалол экспорт қилувчилар реестрига киритилган юридик шахслар томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини 100 фоизлик олдиндан тўлов шарти асосида экспорт қилинишига йўл қўйилади.

Ноҳалол экспорт қилувчилар реестри тижорат банклари ва божхона органлари томонидан ТСОЯЭАТга киритилган маълумотлар асосида автоматик равишда электрон тарзда шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан юритилади.

Ноҳалол экспорт қилувчиларнинг реестри хизмат кўрсатувчи банкнинг ва экспорт қилувчининг номлари, экспорт қилувчининг солиқ тўловчининг иденфикацион рақами (СТИР), контрактнинг рақами, санаси ва идентификация рақами, муддати ўтган дебитор қарздорлик суммаси тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Ноҳалол экспорт қилувчиларнинг реестри Ягона интерактив давлат хизматлари порталига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтларига жойлаштирилади.

Экспорт қилувчилар муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлиги мавжуд контрактлари бўйича маълумотларни ўзларининг электрон калитидан фойдаланган ҳолда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтларидан оладилар.

Экспорт контрактларига тижорат банклари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хизмат кўрсатадилар.

Тижорат банклари:

бир иш куни давомида экспорт қилувчи зарур ҳужжатларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этган пайтдан унга хорижий валютада талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварақ очади;

тегишли контракт ёки инвойс бўйича экспорт қилувчининг банк ҳисобварағига келиб тушган пул маблағлари ҳақидаги маълумотларни ТСОЯЭАТга киритишга масъулдирлар.

Маблағлар келиб тушганлиги тўғрисидаги маълумотлар ТСОЯЭАТга тижорат банклари томонидан тўлов валютасида киритилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид