Президент хусусий мактабларни ривожлантириш истиқболли вазифа эканини қайд этди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни халқ таълими тизимини янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда мактабларда билим бериш ва ўзлаштириш даражаси бугунги замон талабларига мос эмаслиги танқид қилинди. 10-11-синф ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этиш ва уларни жиҳозлаш ишлари қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди.
Мамлакат бўйича синфларда ўқувчилар сони ўртача 23, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 40 нафарни ташкил этади. Бизда ҳар 13 ўқувчига битта ўқитувчи тўғри келади, ривожланган давлатларда бу 10 нафардан ошмайди. Синфларда ўқувчилар сонини, ҳафталик дарс юкламасини камида 5-10 фоизга тушириш керак, деди давлат раҳбари.
Умумтаълим мактабларида ахборот технологияларининг жорий этилишини ҳам қониқарли деб бўлмайди. Мисол учун, баъзи мактабларда информатика фани ҳали ҳамон эски дастурлаш тили асосида ўтилмоқда, бир қатор компьютер жиҳозлари яроқсиз ҳолга келиб қолган.
Шу боис, мактабларда компьютер билан таъминланганлик даражасини танқидий ўрганиб, уларни жиҳозлаш бўйича аниқ манзилли дастурлар ишлаб чиқиш, информатика фанини ўқитишнинг замонавий услубларини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Мамлакатда хорижий тажриба асосида хусусий мактабларни ривожлантириш истиқболли вазифалардан экани қайд этилди.
Йиғилишда мактабларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг бориши ҳам муҳокама қилинди. Халқ таълими ва Молия вазирликлари маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 2 ҳафта муддатда мактабларни куз-қиш мавсумига тўлиқ тайёрлаш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.
Мавзуга оид
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
16:29 / 21.10.2024
Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади
20:48 / 09.10.2024