Жаҳон | 16:50 / 06.11.2018
7877
2 дақиқада ўқилади

Бразилиянинг янги президенти Хитой ва Кубадан норози

Фото: Carl De Souza / AFP / Scanpix / LETA

Бразилиянинг янги президенти Жаир Болсонару Хитой инвестициялари учун шароитларни кескинлаштириш билан таҳдид қилди. Унинг фикрича, Хитой Бразилия суверенитетига таҳдид солмоқда.

«Хитойликлар Бразилияда нарса сотиб олишмаяпти, улар Бразилияни сотиб олишяпти», — деганди Болсонару сайловолди кампаниясида.

Хитой 2009 йилдан бери Бразилиянинг энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади ва ўтган йили икки томонлама савдо ҳажми 75 миллиард долларни ташкил этди.  

Бундан ташқари, кейинги ўн беш йилда Хитой Бразилияга қарийб 125 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритди.

Бразилия президентининг фикрича, хитойликлар кўп миллиардлик инвестициялардан мамлакатни назорат остига олиш учун фойдаланишмоқда. 

Бундан ташқари, афтидан Болсонаруга Хитой сиёсий тузуми ёқмайди, чунки сайловолди кампанияси даврида у асосан коммунистлар ва сўл кучларни танқид остига олганди.  

Болсонару сайланганидан кейиноқ «ривожланган дунё» билан алоқаларни мустаҳкамлашини маълум қилди. У Трамп изидан кетаётганлигини кўрсатувчи бир нечта баёнотлар билан чиқди.

Биринчидан, Болсонару мунтазам равишда инсон ҳуқуқлари бузилаётганлигини рўкач қилиб Куба билан дипломатик муносабатларни сақлаб қолишни шубҳа остига олди. Трамп 2017 йилда Кубага нисбатан сиёсатни кескинлаштирган ва бу давлатга қарши савдо эмбаргосини тиклаганди.

Бундан ташқари, Бразилиянинг янги президенти Исроилдаги элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчиришга ваъда берди ва бу билан Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олишини кўрсатди. Трамп баҳорда АҚШ элчихонасини Қуддусга кўчирган ва бу фаластинликларнинг норозиликларига сабаб бўлганди.

Бразилиялик экспертларнинг фикрича, Хитой билан иқтисодий муносабатларнинг ёмонлашуви Бразилиянинг ўзига оғриқли зарба бўлиши мумкин, шу боис иш бунгача етиб бормайди. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид