Ўзбекистон | 22:50 / 08.11.2018
4848
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси Европарламентда Афғонистон бўйича анжуманда иштирок этди

8 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация Брюссель шаҳрида Европа парламентида бўлиб ўтган “Афғонистон учун биргаликдаги қарашлар” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди.

Конференция ишида Европарламент депутатлари, Еврокомиссия, ОАВ ва Европа Иттифоқи, Бельгия, бошқа халқаро ташкилотлар ҳузурида аккредитация қилинган дипломатик миссияларнинг вакиллари қатнашдилар.

Форум қатнашчилари хавфсизлик, тинчлик ва давлат қурилиши, Афғонистоннинг ривожланишига халқаро кўмак, қайта тикланиш ва минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

Европа парламенти депутати, Афғонистон билан алоқалар делегацияси раиси Петрас Ауштревичюс кириш нутқи сўзлади.

Иргашев ўз нутқида жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган юқори даражали халқаро конференция якунларига ҳамда консенсус асосида қабул қилинган махсус Декларацияга алоҳида урғу берди. Ўзбекистоннинг Афғонистон билан икки томонлама муносабатларни изчил мустаҳкамлаётгани, мазкур мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун муҳим бўлган қатор инфраструктура лойиҳаларини фаол амалга ошираётгани таъкидлаб ўтилди.

Исматулла Иргашев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонда тинчлик жараёнини бошлашга ҳамда тинч Афғонистон учун кадрлар тайёрлашга кўмаклашиш борасидаги ташаббусларига алоҳида эътибор қаратди.

Мавзуга оид