Спорт | 09:38 / 09.11.2018
11260
3 дақиқада ўқилади

Уэлбек жиддий жароҳат олди, унга кислородли ниқоб тақишга тўғри келди

«Арсенал» аъзоси Дэнни Уэлбек Европа лигаси доирасидаги «Спортинг»га қарши баҳсда жиддий жароҳат олди. Ҳужумчи биринчи бўлим ўрталарида газонга ноқулай тарзда йиқилиб тушди.

Фото: Nick Potts/PA

25-дақиқада рақиб жарима майдони марказида турган Уэлбек ўнг қанотдан ўзига узатилган тўпни боши билан дарвозага йўллаш учун ҳимоячи билан ҳаводаги яккакурашга киришди ва зарбадан сўнг ерга ноқулай тарзда йиқилди. Натижада шифокорлар унга кислородли ниқоб тақишларига тўғри келди ва у майдондан замбилда олиб чиқиб кетилди.

30-дақиқада унинг ўрнига Обамеянг майдонга туширилди.

«Уэлбекнинг жароҳати – оқшомнинг энг даҳшатли янгилиги бўлди. Ҳозирги лаҳзаларда биз унинг дардига шерикмиз. У ўйинни яхши ўтказди, гол уриши учун бир нечта имкониятлар бўлди. Унинг жароҳати футболчиларга таъсир этмай қолмади. Улар жароҳатнинг қай даражада жиддий эканини кўриб туришганди. Бундай даражадаги шикастланиш шу каби ўйинларда ҳар қандай ўйинчи билан рўй бериши мумкин. Сиз бундай бўлишини истамаслигингиз мумкин, аммо бизнинг касбимиз шунақа.

У ҳозир шифохонада, дарак бўлишини кутамиз. Бизнингча, бу жароҳат жиддий бўлиб чиқмайди», - деб айтиб ўтди «Арсенал» бош мураббийи Унаи Эмери ўйиндан сўнг.

Фото: Getty Images

ОАВдаги маълумотларга кўра, кеча Дэнни ўз профессионал карьерасида 12-марта жароҳат олди. Бунга қадар у умумий ҳисобда 707 кун лазаретда бўлгани сабаб майдонга туша олмаган.

27 ёшли ҳужумчининг энг жиддий жароҳатлари 2015-2016 йилларга тўғри келади. У «Арсенал»даги илк мавсуми (2014/15) охирида тиззасидан шикастланган, шундан сўнг бутун ёз давомида тикланиш босқичини ўтаган, аммо сентябрда барибир жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлганди. Ўшанда тўлиқ соғайиши учун 5 ой вақт керак бўлган. Аммо орадан кўп ўтмай, 2016 йил баҳорида яна тиззасидан жароҳат олган ҳужумчи яна бир марта операция қилинган, шу боисдан Евро-2016ни ўтказиб юбориб, 9 ой футболдан четда қолган эди.

Фото: Getty Images

Уэлбек ушбу мавсум жамоанинг 14 ўйинида майдонга тушиб, 5 та гол урган ва 1 та самарали пас муаллифи бўлди.

Эслатиб ўтамиз, «Арсенал» - «Спортинг» ўйинида ҳисоб очилмади, шундай бўлса-да, «тўпчилар» плей-офф йўлланмасини иккита тур олдин ҳал қилди.

Мавзуга оид