Ўзбекистон | 16:39 / 12.11.2018
19881
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда АЭС қурилишининг фаол босқичи 2020 йилда бошланади

Фото: Росатом

Ўзбекистонда илк атом электр станциясини қуриш бўйича ишлар 2020 йилда бошланади, дея маълум қилди «Ўзатом» агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов «Народное слово» газетасига берган интервьюсида.

«Тегишли жойни танлаш бўйича ишлар якунлангач, фуқаролар, жамоатчилик, МАГАТЭ фикрини билиш учун тегишли тадбирлар ўтказамиз, ундан кейин лицензия олишга хулоса тайёрланади. 2020 йилда биринчи бетон қуйишни режалаштирмоқдамиз», - деди Мирзамаҳмудов.

МАГАТЭ қоидаларига кўра, жойни танлашда камида иккита ҳудуд текширилиши керак. Агентлик раҳбарининг сўзларига кўра, республикада бу борадаги ишлар бешта ҳудудда ўтказилмоқда. «Улар асосан Айдаркўл ва Тўдакўл кўллари ёнида жойлашган. Ҳар бирида метеостанциялар ўрнатилади, геологик синовлар ўтказилади, ер, тупроқ зичлиги, ер ости сувлари даражаси текширилади. АЭС қурилиши энг муҳим жиҳати хавфсизлик бўлган лойиҳадир», - дея таъкидлаб ўтди Мирзамаҳмудов.

Атом энергиясидан тинч мақсадда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўтган йилнинг 29 декабрида Ўзбекистон ва Россия томонидан имзоланди. Ҳужжатда ҳар бири қувватининг 1200 МВт бўлган «3+» авлоддаги ВВЭР-1200 иккита энергоблокдан иборат АЭС қурилиши кўзда тутилган. Объектни 2028 йилгача фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид