Жаҳон | 12:09 / 13.11.2018
7214
1 дақиқада ўқилади

Шимолий Кореядан келган ўнлаб қайиқлар Япония қирғоқларида топилди

Фото: REUTERS

Куз фасли бошидан буён Япония сувларида КХДРдан келган бўлиши мумкин бўлган 89та балиқ тутувчи қайиқлар топилди. Бу ҳақда Japan News миллий соҳилни қўриқлаш хизмати маълумотларига асосан хабар бермоқда.

Қайиқларда 12 нафар балиқчининг жасади аниқланди. Таъкидланишича, ўтган йилнинг худди шу даврида фақат 59та қайиқ топилган. Тахминларга кўра, улар ҳам Шимолий Кореядан сузиб келган.

Япониядан билдиришларича, қайиқлар сонининг ортиши Пхеньяннинг балиқчилик саноатини денгиз маҳсулотлари контрабанда сотувида кўпроқ хорижий валюта ишлаб олиш мақсадида фаоллаштиришга уриниши билан боғлиқ.

КХДРга қарши жорий этилган халқаро санкциялар мамлакатдан денгиз маҳсулотларини қонуний равишда сотиб олишга тақиқни ҳам назарда тутади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ КХДР ва Жанубий Корея автомобиль ҳамда темир йўлларни бирлаштирмоқчи экани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид