15:30 / 14.11.2018
65815

Расмий Тошкент «Ўзбеккўмир»ни кимга ишонди? 

Фото: LiveJournal

«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятининг асосий активлари Россиянинг «ПрогрессГорТех» МЧЖ бошқарувига ўтказилиши мумкин.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Ўзбеккўмир» АЖ устав фондидаги 45 фоиз улуши «ПрогрессГорТех» ишончли бошқарувига берилиши мўлжалланмоқда.

«Коммерсантъ» нашри томонидан сўровдан ўтказилган бозор иштирокчилари атиги бир ой муқаддам Николай Емельянов томонидан ташкил этилган Россия МЧЖси ортида ким турганини билишмаслиги маълум бўлди. Бироқ, Емельяновнинг бошқа компания, «Селена» МЧЖ бўйича шериги Дониёр Комиловдир - Газпромбанк собиқ топ-менежери.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, Молия, Иқтисодиёт вазирликларининг, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш ва  «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Ўзбеккўмир» АЖ устав фондидаги 45 фоиз улушини ишончли бошқарувга бериш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасида «ПрогрессГорТех» МЧЖ шўъба хўжалик жамияти ташкил этиш учун «ПрогрессГорТех» МЧЖ (Россия Федерацияси) шўъба хўжалик жамиятини жалб этиш; ишончли бошқарув даврида «Ўзбеккўмир» АЖнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини акциядорлик жамияти сифатида сақлаб қолиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Kartoteka.ru ва ЕГРЮЛ маълумотларига кўра, «ПрогрессГорТех» 2018 йил 15 октябрда Николай Геннадьевич Емельянов томонидан ташкил этилган. У «Селена» МЧЖнинг ҳам таъсисчиларидан бири - Газпромбанк собиқ топ-менежери Дониёр Комилов билан бирга. Маълумот учун: Дониёр Комилов 2010-2014 йилларда Газпромбанкнинг «Управляющая компания — Стратегические активи» ЁАЖ тузилмаси раҳбари бўлган. Шунингдек, 2015-2016 йилларда у «Уралмашзавод» директорлар кенгашига кирган.

«Коммерсантъ» сўровининг моҳиятини эшитган Николай Емельянов дарҳол гўшакни қўйиб қўйди ва такрорий қўнғироқларга жавоб қайтармади. Газпромбанк нашр саволларига жавоб бермади, 13 ноябрь куни Дониёр Комилов ва ўзбек компаниялари вакиллари билан боғланишнинг имкони бўлмаган.

«Коммерсантъ» манбалари «ПрогрессГорТех» ва Емельянов ортида россиялик йирик тадбиркорлар турганига шубҳа қилишмоқда.

Россия Федерацияси ҳукуматидаги, соҳадаги вазиятдан хабардор нашр манбаси ҳам Москва ва Тошкент ўртасида кўмир бўйича қандайдир ҳамкорлик режалари ҳақида билмаслигини билдирган.

Маълумот учун: «Коммерсантъ» нашриёт уйи асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли. 

Top