Иқтисодиёт | 22:30 / 14.11.2018
52930
9 дақиқада ўқилади

Сомалидан ортда қолган Ўзбекистон: бюрократия, юқори божхона тарифлари ва монополия

АҚШдаги Висконсин университети иқтисод магистри ва Сингапурдаги Нанянган университети математика бакалаври Беҳзод Ҳошимов хаёлий орол мисолида иқтисодиётимизнинг ўзига хосликлари ва улардан узоқлашиш йўллари ҳақида сўз юритади.

Дунё харитасида аҳолиси сайёрамизнинг бошқа одамлари каби яхши яшашни хоҳлайдиган бир орол бор. Аммо бу оролда кишилар дунёдаги ўртаҳол одамлардан ҳам анча ёмон яшашади. Агар дунёдаги ўртача одам йилига ўн минг доллар ишлаб топса, оролда яшовчилар йилига ўртача бир ярим минг доллардан камроқ пул топишади.    

Бунинг устига, бу оролда ҳамма нарса жуда қиммат туради. Бир ярим минг долларга маҳаллий кокосни сотиб олиб, еб юриш мумкин, холос. Яна денг, кокоснинг ҳам нархи тинмай ошиб туради ва мазаси ҳам илгаригидай эмас.

Орол аҳлининг муаммолари бир талай: таълим сифати паст, тиббиёт ҳаммага ҳам эмас, йўллар абгор, коррупция, қолоқ технология. Бундан ташқари, ижтимоий муаммолар ҳам етарли: камситиш, нотенг имкониятлар, жинсий камситиш, бошқаларнинг фикр ва қарашларини мутлақо қабул қилмаслик. 

Оролликлар ўз муаммоларини ечиш йўллари ҳақида ўйлаб қолишди ва замонавий иқтисодчиларга мурожаат қилишди. Олимлар бу масалани ўрганиб чиқишди ва афсуски, таскин бермайдиган хулосага келишди. Телепортациясиз Омадсизлик ороли аҳолисининг ўртача даромад даражасига етиши имконсиз нарса, деган хулосага келишди. Иқтисодчиларнинг фикрича, оролнинг асосий муаммоси унинг жаҳон технология марказларидан узоқда жойлашгани: Нью-Йорккача 112 соат, Сиднейгача 174 соат учиш лозим (орол хаёлий).

Иқтисодчилар самолёт ва кема каби янги технологиялар оролни бошқа қитъалар билан аввалгига нисбатан яхшироқ боғласа-да, транспорт харажатлари ҳамон ўта юқори, деган хулосага келишди.

Оролда ишлаб чиқарилган ҳар қандай маҳсулот транспорт харажатлари сабабли қимматга тушади. Аммо бу муаммонинг ярми холос. Иқтисодчилар замонавий етказиб бериш занжири ихтисослашганини айтишди: маҳсулотлар кўплаб мамлакатларни қамраб олган узун занжир доирасида ишлаб чиқарилади. Орол ўта узоқдалиги боис бу занжирга кириш жуда қимматга тушади.

Ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирига уланиш учун маҳсулотлар (ва одамлар) чегарадан ҳеч қандай тўсиқларсиз ва доимий равишда ўта олишлари лозим. 

Зеро замонавий дунёда ҳаттоки қалам ҳам сайёрамизнинг турли жойларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан тайёрланади. Юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар, масалан айфонлар ишлаб чиқариш учун 30 та давлат хомашёси ва бир неча юз етказиб берувчилардан фойдаланилади. Ҳар қандай маҳсулот бошқаси учун оралиқ ҳисобланади, оролда транспорт харажати барча маҳсулотлар учун бир хил бўлганлиги сабабли ишлаб чиқарилган исталган маҳсулот бефойдага айланади. 

«Дангасалик бизга ёт, истаймиз яхши ҳаёт»

Албатта, агарда мана шу географик тўсиқлар бўлмаганида оролликлар кўплаб нарсаларни ишлаб чиқариши ва фойдасига сотиши мумкин эди. Аммо улар жуда кам миқёсда жалб этилган хориж технологияси ва хомашёсидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан чекланишга мажбур. Чунки улар нима ишлаб чиқаришмасин, жаҳон бозорида рақобатбардошлиги пастлигича қолади. Орол қашшоқлигининг бор тарихи мана шу: улар нима қилишмасин, ишлари юришмайди.

Оролдаги ҳаёт оролликлар хорижга ҳеч нарса сота олишмагани учунгина оғир эмас. Четдан маҳсулот келтириш ҳам қимматга тушади, шунинг учун аксарият истеъмол моллари шу ерда ишлаб чиқарилади. Албатта, маҳаллий маҳсулотлар юқори сифатга эга эмас (замонавий технологиялар ва ноу-хау йўқ) ва қитъаларда ишлаб чиқарилган ана шундай маҳсулотларга нисбатан қиммат (транспорт харажатлари сабабли). Шунинг учун оролда ҳаёт даражаси жуда паст; маҳсулотлар қиммат ва сифатсиз, аҳоли эса кам даромад топади.

Энди бизнинг воқелик ҳақида

Аҳолиси географик жойлашуви туфайли ҳаёт даражасини яхшилай олмайдиган орол ҳақида эшитиш қайғули. Уларнинг жудаям омади келмаган. Аммо келинг, ўз давлатимиз ҳақида гаплашайлик. Ўтган ҳафтада мамлакатларнинг бизнес юритиш қулайлиги кўрсаткичлари бўйича Doing Business йиллик рейтинги чиқди. «Газета.uz» Ўзбекистон ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан икки поғонага пастлаб, 76-ўринга жойлашгани ҳақида ёзди.

Энг эътиборлиси, халқаро савдо кўрсаткичлари бўйича рейтингда биз 165-ўриндамиз. Таққослаш учун: кўрсаткичимиз Сьерра-Леоненикидан сал яхши ва Сомалиникидан сал ёмон. Ҳа, биз 1991 йилдан буён қуролли низо тўхтамаётган Сомалидан кўра ёмонроқ савдо қиламиз.

Қайд этиш жоиз, бу рейтинг фақатгина халқаро савдонинг расмий норматив-ҳуқуқий шароитларини баҳолайди. Рейтинг коррупция, «кулранг» (мавҳум) бозор ва бошқа норасмий тўсиқлар билан боғлиқ машаққатларни ўз ичига олмаган. Яъни рейтингда товарлар экспорти ва импорти логистикаси учун фақат ушбу мамлакат норматив ҳужжатларида расман белгиланган вақт ва молиявий харажатлар ҳисобга олинган.

Табиий савол туғилади: қанақасига бюрократия сабабли бизда савдо юритиш Сомалидагига нисбатан қийин бўлиши мумкин? 

Қуйида у ёки бу жараён учун қанча вақт сарфланишини кўрсатувчи жадвал берилган:

Мазкур жадвалдаги маълумотлар биз нима учун рейтингда ана шу ўринга лойиқ кўрилганимизни кўрсатиб беради. Ўзбекистонда экспорт қилишда чегара ва божхона назорати талабларига риоя қилиш учун 112 соат сарфланса, Қирғизистонда 5, Польшада эса 0 соат сарфланади. Импорт учун ҳужжат расмийлаштириш вақти ва нархи борасида ҳам вазият ана шундай.

«Биз атайлаб шундай қилган эдик»

«Бизнинг рейтингимиз ёмон бўлиши мумкин, аммо аслида биз иқтисодиётимизни ҳимоя қиламиз, бизнинг давлатимиз билан савдо қилишда тўсиқларни имкони борича мураккаблаштиришни ўйлаб топганмиз», деб эътироз билдиришингиз мумкин.

Агарда буни тўғри деб ҳисобласангиз, масалан, мамлакат ва ташқи дунё ўртасидаги транспорт коммуникациясини тўлиғича узиб қўйиб ҳам худди ана шу натижага эришиш мумкин. Умуман олганда ҳеч нарса ўзгармайди: ташқи олам билан алоқа бўлмаса, кўплаб божхоначиларсиз ҳам ҳозирги тўсиқларнинг ўзи кифоя қилади.

Савдога маъмурий тўсиқ қўйишни ёқлайдиган одам бозорга олиб борадиган йўлни бузиб ташлаган одам билан баробардир.

Мамлакат Омадсизлик оролига айланиши ва ривожланишдан тўхтаб қолиши учун у уммон ўртасида бўлиши шарт эмас, оддийгина ишларни амалга ошириш етарлидир.

Биринчидан, жараёнлар узоқ ва қиммат бўлиши учун савдо борасидаги бюрократияни имкон борича қийинлаштириш (юқоридаги иккинчи жадвалга қаранг).

Иккинчидан, экспорт бўладими, импорт бўладими, юқори божхона тарифларини ўрнатиш. Импорт ва экспорт учун солиқ (тариф) симметрик бўлади: агар экспортга солиқ солинса, импорт камаяди, агар импорт учун бож олинса, экспорт камаяди.

Учинчидан, мамлакатдаги асосий транспорт воситаларини монополиялаштириш ва уларнинг хизмат нархини қиммат қилиш. Монополияда ташиш нархи юқори бўлади, унинг даражаси монополиянинг қай даражада кучли эканлигига боғлиқ.

Бундан эса, албатта, мамлакат аҳолиси жабр кўради. Хаёлий Омадсизлик оролида темирйўл ёки авиапарвозлар учун монополия йўқ, у ерда транспорт географик жойлашув сабабли қиммат. Бу мамлакатда транспорт монополия сабабли қиммат бўлганичалик аянчли эмас. Аммо иқтисодий нуқтаи назардан транспортнинг географик жиҳатдан ёки монополия боис қимматлиги ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Бир нарса аниқ: транспорт қанчалик қиммат бўлса, мамлакат маҳсулотининг рақобатбардошлиги шунчалик паст бўлади. Шунга мос равишда, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш имконияти ҳам кам бўлади.

Юқорига парвоз

Агарда одамларимиз ҳаёти жаҳон миқёсидаги ўртача даражага етишини, иқтисодиёт ҳамда унинг рақобатбардошлиги ўсишини истасак, дунёдан ажралиб олмаслигимиз керак. Ҳозирда бизга учиб келиш қиммат, божхонадан ўтиш узоқ ва қимматга тушади ва савдо қилиш ўта мураккаб.

Жаҳон капитал ва меҳнат бозорига чиқмасдан туриб технологияларни ўзлаштириш ва рақобат қилиш, охир-оқибат инсонлар турмуш даражасини ошириш мумкин эмас – хаёлий Омадсизлик оролидаги ҳаёт худди шунақа. 

Биз иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича жаҳонни қувиб етишимиз лозим. Бунинг учун эса бор-йўғи ён-атрофимизга чуқур қазишни тўхтатсак бўлди. Биз шусиз ҳам жаҳон уммонига ҳаттоки қўшнилари ҳам чиқа олмайдиган деярли ягона давлатмиз; бизда шусиз ҳам транспорт харажатлари жуда қиммат ва янги тўсиқлар яратишга ҳожат йўқ.

Савдога тўсиқ қўйиш – қитъа билан боғлаб турувчи ягона кўприкни бузиш дегани: бу барча учун, айниқса «оролликлар» учун жуда ёмон.

Беҳзод Ҳошимов,

иқтисодчи, «Буюк келажак» эксперт кенгаши аъзоси.

Мавзуга оид