Жаҳон | 21:54 / 15.11.2018
10370
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Қошиқчи иши бўйича 17 саудияликка қарши санкциялар жорий қилди 

Фото: AFP 2018 / Mladen Antonov

АҚШ журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишига алоқадор 17 саудияликка қарши санкциялар киритди. 

Санкциялар Магнитский глобал акти доирасида киритилган. АҚШ ҳукумати бу актни инсон ҳуқуқларининг бузилишида айбдор деб ҳисобланувчиларга қарши қўллайди.

Санкциялар рўйхатига тушганлар орасида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасининг собиқ ёрдамчиси Сауд ал-Қаҳтоний ва Туркиядаги бош консул Муҳаммад ал-Утайба бор. 

“Бугун биз санкциялар киритган саудиялик амалдорлар Жамол Қошиқчининг ваҳший ўлдирилишига алоқадор бўлганлар. АҚШда яшаган ва ишлаган журналистни ваҳшиёна ўлдирган бу одамлар ўз қилмишларининг жиддий оқибатларини ҳис қилишлари керак”, деб айтган АҚШ молия вазири Стивен Мнучин.

У АҚШ ҳукумати бу жиноятнинг барча тафсилотларини ўрнатиш ва бунга айбдорларни жавобгарликка тортиш бўйича ишларни астойдил давом эттиришини айтган. “Қошиқчининг қаллиғи, фарзандлари ва оиласи кўзи ўнгида адолат қарор топиши учун”, деб қўшимча қилган Мнучин.

Молия вазири Ар-Риёдни сиёсий диссидентлар ва журналистларни ҳар қандай таъқиб қилишни тўхтатиш бўйича қадамлар қабул қилишга чақирган. 

АҚШ давлат котиби Майкл Помпеонинг баёнотида айтилишича, АҚШ ушбу жиноятга алоқадор барча айбдорларни жавобгарликка тортиш учун бошқа давлатлар билан ишлайди. 

“Бугунги ҳаракатларимиз Қошиқчининг ўлдирилишига муносабат билдиришдаги муҳим қадамдир. Давлат департаменти жиноят билан боғлиқ барча далилларни ўрганишни, бу масала бўйича конгресс билан маслаҳатлашишни, айбдорларни жавобгарликка тортиш учун бошқа давлатлар билан ишлашни давом эттиради”, деб айтган Помпео.

Саудия Арабистони бош прокуратурасининг 15 ноябрда тарқатган баёнотига кўра, Қошиқчининг ўлдирилиши иши бўйича 21 киши қўлга олинган. Қироллик прокуратураси қотилликнинг 5 нафар бевосита иштирокчисига ўлим жазосини талаб қилган, қолганлар эса шариат қоидалари бўйича жазоланади.

Мавзуга оид