Спорт | 17:01 / 15.11.2018
24707
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон илк марта Ливан дарвозасини ишғол эта олмади

Айни кунларда Австралияда ўқув-машғулот йиғинини ўтказаётган Ўзбекистон терма жамоаси Ливан термаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб, голсиз дурангга имзо чекди.

Брисбен шаҳрида бўлиб ўтган ўйин кутилганидек Эктор Купер жамоаси ташаббуси остида ўтди. Шунга қарамай, гол уриш учун ҳар иккала жамоада қулай имкониятлар юзага келди, аммо якунда ҳеч қайси футболчига бу вазиятларни голга айлантириш насиб этмади.

Шу тариқа, асосий таркибга номзод футболчилар синаб кўрилган ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси илк маротаба Ливан дарвозасини ишғол эта олмади. Бунгача икки жамоа 5 маротаба тўқнаш келиб, уларнинг 4 таси ғалаба ва 1 таси дуранг билан якун топган эди. Бугунги нурсиз дурангдан сўнг тўплар нисбати ҳам 8:1 кўринишида қолди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон термаси аргентиналик мутахассис қўл остида бунга қадар сентябрда Сурия билан дуранг қайд этган (1:1), сўнг Эрон билан баҳсда имкониятни бой берганди (0:1). Октябрь ойида эса Купер жамоаси КХДР ва Қатар терма жамоалари устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

Бугунги ўйин иштирокчилари 20 ноябрь куни Австралия йиғини доирасида бошқа терма жамоа билан ҳам ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Ливанликлар мезбон мамлакат термасига қарши, Ўзбекистон эса Жанубий Корея билан куч синашади. Корея билан ўйин, бугунги баҳсдан фарқли ўлароқ, «Спорт» телеканали орқали тўғридан тўғри трансляция қилиниши кутилмоқда.

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Ўртоқлик учрашуви
ЎЗБЕКИСТОН – ЛИВАН – 0:0
Брисбен. «CBUS Super Stadium» 
Ўзбекистон: 12. Элдор Суюнов, 5. Анзур Исмоилов (С) (18. Достон Турсунов, 76), 3. Егор Кримец, 4. Даврон Ҳошимов, 19. Владимир Козак (13. Олег Зотеев, 66), 17. Достон Ҳамдамов, 16. Отабек Шукуров, 7. Одил Ҳамробеков, 22. Жавоҳир Сидиқов (6. Ҳусниддин Ғофуров, 78), 8. Икром Алибоев (2. Акмал Шораҳмедов, 63), 10. Марат Бикмаев (15. Азиз Турғунбоев, 72).
Захира: 1. Игнатий Нестеров, 25. Ўткир Юсупов, 14. Элдор Шомуродов, 20. Ислом Тўхтахўжаев.
Ливан: 1. Меҳди Каҳлил, 2. Қосим Ал-Зайн, 3. Мўътоз Биллаҳ Ал-Жунайди, 5. Носир Нассар, 6. Жоан Умари, 7. Ҳасан Маатук (С) (8. Ҳасан Чаито, 88), 10. Муҳаммад Ҳайдар (20. Рабиҳ Атая. 68), 13. Жорж Феликс Мелки, 15. Самир Айяс (12. Аднан Ҳайдар, 76), 19, Роберт Александр Мелки, 22. Бассел Жради.
Захира:  21. Мустафо Матар, 23. Аббос Ҳасан, 4. Нур Мансур, 11. Омар Чаабан, 14. Нодир Матар, 16. Ҳасан Чаиту, 18. Валид Исмоил.
Огоҳлантиришлар: Д.Ҳошимов (24) – Роберт Александр Мелки (26), Қосим Ал-Зайн (55), Жоан Умарий (86)
Четлатиш: Д.Ҳошимов (60, 2СК)

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид