Жаҳон | 22:38 / 16.11.2018
18778
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея ўз ҳудудидан америкаликни ҳайдаб чиқарди

Фото: Andy Wong / AP

Шимолий Корея ўз ҳудудидан АҚШ фуқаросини чиқариб юборди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги баёнотида айтилган.

Брюс Байрон Лоуренс исмли америкалик 16 октябрда Шимолий Корея ва Хитой ўртасидаги чегара орқали Шимолий Корея ҳудудига ноқонуний ўтгач, қўлга олинган.

“Тергов давомида Лоуренс АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси буйруғи билан Кореяга ноқонуний ўтгани ҳақида кўрсатма берган”, дейилган хабарда. Таъкидланишича, тергов натижасига кўра, эркакни Кореядан ҳайдаб чиқаришга қарор қилинган. Воқеанинг қолган тафсилотлари маълум қилинмаган.

Reuters ахборот агентлигининг таъкидлашича, 2017 йил ноябрида шундай исмли америкалик Шимолий Корея чегараси яқинида изғиб юргандан кейин Жанубий Кореядан депортация қилинган. Бироқ бу икки ҳолатдаги одамлар айнан бир кишилиги ёки йўқлиги аниқ эмас.

Вашингтон ва Пхеньян муносабатлари Шимолий Корея ва АҚШ етакчиларнинг 12 июндаги саммитидан кейин анча яхшиланган.

Учрашув олдидан майда Пхеньян ўз турмаларидан 3 америкаликни озод этгани маълум қилинган. Улар бузғунчилик ва душманона ҳаракатларни содир этиш айблови билан қўлга олиниб, меҳнат лагерида жазо ўташаётган бўлган.

Мавзуга оид