Ўзбекистон | 12:53 / 16.11.2018
4832
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги бош консулхонаси ўз фаолиятини бошлади

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2018 йилнинг 13 ноябрь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Ўзбекистон Республикаси бош консулхонаси жойлашган бино қаршисида мамлакат давлат байроғини тантанали кўтариш маросими бўлиб ўтди. 

ТИВ хабарига кўра, бош консулхона манзили: Карл Либкнехт кўчаси, 22-уй.

Тантанали маросимда Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчиси Ботиржон Асадов, Свердловск области Халқаро ва ташқи савдо вазири Василий Козлов, Россия ТИВнинг Екатеринбургдаги вакили Александр Харлов, Екатеринбургда аккредитация қилинган бош консуллар, бошқа расмий шахслар ва ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди.

Шу куннинг ўзида консуллик муассасаси очилиши шарафига Свердловск области расмий шахслари, чет эллик дипломатлар, бизнесменлар ва ўзбек диаспораси вакиллари ҳамда Свердловск области губернатори Евгений Куйвашев иштирокида расмий қабул бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан қайд этилганидек, Урал федерал округи ва Свердловск области маъмурий марказида жойлашган янги дипломатик ваколатхона Ўзбекистон ва Россия минтақаларини, икки давлат халқларини боғловчи яна бир кўприк бўлади.

Бош консулхонанинг биринчи тадбирларидан бири шу куннинг ўзида Екатеринбург шаҳрида ташкиллаштирилган «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» номли мамлакат туристик салоҳияти тақдимоти бўлди.

Барча ташкилий масалалар ҳал этилгунига қадар бош консулхона томонидан ҳозирги вақтда фақат консультатив кўмак кўрсатилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид