Жамият | 13:30 / 18.11.2018
12912
5 дақиқада ўқилади

Данғаралик тадбиркор гулхонасини сақлаб қолди

Август ойи охирида KUN.UZ сайтида Фарғона вилояти, Данғара туманида тадбиркор  аёлнинг гулчилик билан шуғулланаётган 60 сотих ер майдони туман ҳокимлиги томонидан олиб қўйилаётгани ҳақида материал берилганди.

«Данғара туман ҳокимлиги уч марта қарор ўзгартириб, тадбиркор аёлнинг ерини олиб қўймоқчи» сарлавҳали мақолада, тадбиркор аёл Шаҳноза Юсуповага 2015 йили ҳоким таклифи ва қарорига асосан туман марказидаги Муқимий кўчасидан гул етиштириш учун ер майдони ажратилгани, ишбилармон аёл ташландиқ ерни эпақага келтириб, ишни бошлагач, туман ҳокими ўз қарорини уч марта ўзгартириб, бекор қилгани баён этилганди.

2015 йили Данғара туманининг ўша пайтдаги собиқ  ҳокими Шуҳратбек Абдусаломов тадбиркор аёлдан туман марказини обод қилишда ёрдам беришини сўрайди. Ҳоким тадбиркорнинг уйига бориб, туман марказидаги истироҳат боғи қурилишига мўлжалланган жойдан гул етиштириш учун ер майдони таклиф қилади.

Ҳоким Данғара тумани, Муқимий кўчасидаги «Истироҳат боғи» ер майдони четидан  жой берамиз, турли ноёб гуллар етиштириб, кейинчалик  кўргазма ташкил қилсангиз, ҳамма томошага келади, истироҳат боғининг гулзорларини ҳам ўзингиз ташкил қиласиз, биргаликда боғни-боғ қиламиз, дея 60 сотих ерга доимий фойдаланиш учун қарор ҳам чиқариб беради.

2015 йилнинг 31 декабрида навбатдаги қарор чиқарилади. 1120-сонли қарорда шундай дейилган: «Истироҳат боғи» ер майдонининг бир қисмида фуқаро Шаҳноза Юсуповага енгил конструкцияли гулхона қурилишига рухсат берилсин».

Собиқ ҳоким 2017 йилнинг 6 июнида №723 рақам остида янги қарор чиқаради. Қарор мазмуни эса бундай эди: «Данғара шаҳарчаси, Муқимий кўчасида жойлашган «Истироҳат боғи» ҳудудидан фуқароларга ер ажратиш тўғрисидаги қарорларни бекор қилиб, туман ҳокимлиги захира ерлар фондига қайтариш тўғрисида». 

Лекин, бу қарор Шаҳноза Юсуповага узоқ вақт кўрсатилмайди.

2018 йилнинг мартида туманга Саидмурод Аминжонов ҳоким этиб тайинланди. Орадан вақт ўтиб, Шаҳноза Юсупова ўз гулхонасига келганида уни туман ҳокимлиги қулфлаб кетганини кўради.

 

Шу йилнинг 25 июнида Данғара туман ҳокимлиги тадбиркорга расмий «Огоҳлантириш хати» жўнатади. Унда тадбиркордан ер майдонидаги барча «ноқонуний қурилма»ларни ўз ҳисобидан бузиб олиб чиқиб кетиш сўралган.

Туман ҳокими ўринбосарлари собиқ ҳокимнинг қарорини амалга ошириш учун гулчининг ер майдони атрофидаги деворларни бузишга келганида, тадбиркор маълум қисм девор бузилганидан сўнг ишни тўхтатиб ҳудудида катта маблағдаги гуллар бўлгани сабаб ҳокимлик томонидан бузилиш ишлари олиб бормаслигини сўраб, Данғара туман маъмурий судига «дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ҳақида» ариза беради.

2018 йил 1 август куни Данғара туман маъмурий суди раиси Э.М. Ортиқов аризачи Шаҳноза Юсупованинг жавобгар Данғара туман ҳокимлигига нисбатан «Ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш» ҳақидаги шикоят аризаси бўйича иш олиб бориб, аниқланган омиллар бўйича ажрим қилади. Суд иш ҳолатларидан кўринишича, дастлабки ҳимоя чоралари қўлланмаса, суднинг ҳал қилув қарори ижроси қийинлашишига ва бажарилмай қолишига сабаб бўлиши мумкинлиги сабаб, дастлабки ҳимоя чоралари қўллашни лозим топади.

Суд «Данғара туман ҳокимлиги томонидан Ш. Юсуповага тегишли бўлган Данғара шаҳарчаси, Муқимий кўчасидаги 0,60 га ер майдонига қурилган биноларни бузишга тақиқ қўйилсин» дея ажрим қилади.

Узоқ давом этган жараёндан сўнг, туман ҳокими Саидмурод Аминжонов  тадбиркор билан суҳбатлашиб, унинг келажакдаги режалари билан танишгач, масала тадбиркор Шаҳноза Юсупова фойдасига ҳал бўлди.

Сайт мухбири билан суҳбатда туман ҳокими Саидмурод Аминжонов ишбилармон аёлга гулхона атрофидан яна қўшимча майдон ҳам беришини айтиб ўтган.

Тадбиркорга туман ҳокимининг 2018 йил 6 ноябрь куни тасдиқланган «Данғара туман ҳокимининг 2017 йил 16 июнь кунги 723-қарор иловасининг Юсупова Шаҳноза Мамуровнага тегишли қисмини бекор қилиш тўғрисида»ги қарори топширилган. Энди тадбиркор ўз гулхонасида яна фаолиятини давом эттириш имкониятига эга бўлди.

KUN.UZ таҳририятига Данғара туман ҳокимлиги томонидан тадбиркор билан бўлган муаммоли вазиятни ҳал этилгани ҳақидаги қарор лойиҳасининг нусхаси юборилган.


Элмурод Эрматов,
KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид