22:23 / 19.11.2018
28975

Трамп ва Покистон бош вазири твиттерда даҳанаки жангга киришди

Фото: РИА Новости

АҚШ президенти Дональд Трамп 19 ноябрда Покистон бош вазири Имрон Хон билан твиттерда даҳанаки жангни давом эттирди. Трамп Покистонни АҚШга ёрдам бермасликда айблаб, АҚШ ҳам ўз навбатида Покистонга беғараз ёрдам кўрсатмаслигини айтган. 

Трамп Покистонни “Ал-Қоида”нинг собиқ етакчиси Усама бин Лодинни яширганликда айблаган ва АҚШ маъмуриятининг Исломободга ажратиладиган ёрдамнинг бир қисмини музлатиш қарорини қўллаб-қувватлаган. Покистон бош вазири бунга жавобан Покистоннинг бирорта фуқароси 11 сентябрдаги терактларда иштирок этмагани, Исломобод АҚШга террорчиликка қарши курашда ёрдам бергани ва бунда 75 минг кишиси ва 120 млрд доллар йўқотганини, АҚШдан эса 20 млрд доллар пул олганини айтган.   

“Биз Покистонга бошқа миллиард долларлар тўламаймиз, чунки улар пулимизни олиб, биз учун ҳеч нарса қилмайдилар. Бин Лодин бунга яққол мисол. Афғонистон эса яна бир мисол. Улар АҚШдан пул олиб, эвазига ҳеч нарса бермайдиган кўплаб давлатлардан биттасидир. Бундай ҳолат бошқа давом этмайди!”, деб ёзган Трамп твиттерда.

АҚШ президентининг айтишича, бин Лодин анча аввалроқ тутилиши керак эди. У террорчининг қаердалигини маълум қилмаган Покистонга ёрдам берган АҚШнинг аввалги маъмуриятларини “аҳмоқлар” деб атаган. Покистон бош вазири эса буни рад этиб, Исломобод бин Лодин яширинган жойдан бехабар бўлганини айтган.

“Ал-Қоида” етакчиси Покистоннинг Абботободида 2011 йил майида АҚШ ҳарбийлари томонидан йўқ қилинган. Операция Покистон ҳукумати билан келишилмаган ҳолда амалга оширилган.

Top