Халқ овози | 16:45 / 20.11.2018
78583
6 дақиқада ўқилади

Пахта режасини бажармаган фермернинг ери тортиб олинадими?

«Kun.uz» таҳририятига Жиззах вилояти, Зафаробод туманидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда туман ҳокимлиги томонидан бир фермернинг ери тортиб олинаётгани баён этилган.

2016 йилдан бери «Боғимдаги тутларим» фермер хўжалигини бошқариб келаётган Донобой Ибодов аввалги йилларда ҳам пахта, ҳам ғалла режаларини ортиғи билан бажариб келган.

Лекин бу йил Донобой Ибодов учун омадсиз келди. Фермер бу ҳақда шундай дейди: «Бу йилги пахта режасини бажара олмадим. Бунга сабаблар бор. Бироқ, туман ҳокими Иброҳим Қаршибоевга режани бажара олмаганим сабабларини, муаммоларимни айтишга имконият беришмади.

Айтгандан не фойда, барибир эшитмайди. Баҳор ойидаёқ «Агрокимёҳимоя»нинг туман филиалига 14 миллион сўмни фермер хўжалиги ҳисоб рақамидан ўтказиб берганман. «Агрокимёҳимоя» филиалига қатнайвериб, бир килограмм ҳам селитра ололмадим. Беришмади. Мен бутун меҳримни шу ерга берганман, бутун оила далада меҳнат қиламиз. Онам бизга бош, ёшим ўтди, деб ўтирмайдилар. Баб-баравар меҳнат қилади. Агар мендан ерни тортиб олишса нима қиламан?

Фермернинг даласидамиз. Дала бошида онахон Юлдуз Ибодова хавотир билан бизни қаршилади. Салкам етмиш ёшда бўлган онахоннинг дардига қулоқ солдик.

«Боғимдаги тутларим» фермер хўжалигига асос солганимизда одам бўйи ғумайзорни кўриб рости қўрқиб кетган эдим. Кўз қўрқоқ, қўл ботир экан, ерни оби тобига келтирдик. Шукр, меҳнатларимиз эвазига ер ҳосил берди. Фарзандларим билан шу ерда меҳнат қиламиз, шу меҳнатлар эвазига ўғилларимнинг қадди тик, қарз эмасмиз. Ғалла, пилла режасини ортиғи билан бажардик. Шунга қарамай туман ҳокимлиги вакиллари яна беш тонна қўшимча ғалла топширасан деди. Туманга ёрдам бўлсин, деб буни ҳам топширдик. Бироқ, бунинг учун бир сўм пул олмадик. Нега бизнинг еримизни тортиб олишар экан? Айбимиз нима? Биз ерсиз қандай яшаймиз?

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Зафаробод туман ҳокимлигига йўл олдик. Туман ҳокимлигида масъул мутассадилар топилмагач, қўнғироқ орқали туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев билан боғландик.

Ушбу муаммога туман ҳокими шундай жавоб берди: «Бугунги кунда «Боғимдаги тутларим» фермер хўжалиги учун ажратилган ер майдонлари туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олингани ҳақида бирор қарор ёки бошқа ҳужжат йўқ. Бироқ, шуни маълум қилишим мумкинки, пахта топшириш бўйича шартномавий мажбуриятларини 60 фоиздан паст кўрсаткич билан бажарган фермер хўжаликларига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади».

Суҳбат сўнгида туман ҳокими бошқа саволларга туман фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси в.б. Баҳодир Борлибоев батафсил жавоб беришини маълум қилди.

Кенгаш раисининг изоҳи эса қуйидагича бўлди.

«Шикоят мазмунидан хабарим бор. Айни кунда шикоятчи Донобой Ибодовнинг фермер хўжалигини туман ҳокимлиги захирасига олиш бўйича ҳеч ким кўрсатма бергани йўқ. Яқин кунларда биз паст кўрсаткичли, режани бажармаган фермерлар фаолиятини ўрганиш, холис баҳо бериш мақсадида ишчи гуруҳ тузмоқчимиз. Гуруҳ тузилгач, унинг хулосасига кўра иш тутамиз. Туман ҳокими ёки бошқа мансабдор шахс Д.Ибодовнинг ерини тортиб олмаган ёки бу ҳақида кўрсатма бермаган. Вақтида етказиб берилмаган ўғитлар масаласидан эса хабарим йўқ. Агар фермер мени шу муаммодан ўз вақтида хабардор қилганида, албатта ёрдам берган бўлар эдим».

«Ернинг яхши ёмони бўлмайди. Ҳосилдорлик меҳнатга боғлиқ. Лекин охирги йилларда ерлар ишдан чиққан. Ер унумдорлигини ошириш учун уни озиқлантириш керак. Деҳқончасига жоиз бўлса, ерни «боқиш» лозим. Ерга ўз вақтида керакли ўғитни берсангиз, ер ҳам кутилган натижани беради. Ер хамир бўлса, ўғит хамиртуруш вазифасини ўтайди». Бу кўп йиллик фермер Донобой Ибодовнинг фикри. У ўз вақтида ерга ўғит бера олмади. Оддийроқ айтганда, озиқлантиролмади ерни... Шу сабабли пахта режа бажарилмади. Энди фермер ташвишда.

Ҳолат юзасидан «Агрокимёҳимоя» филиали таъминотчиси Анвар Шербоев шундай изоҳ берди: «Донобой Ибодовнинг фермер хўжалигига селитра ўғитини бермаганимизнинг ўз сабаблари бор. Фермернинг ўзи ўғитни олишни истамади. Кузда нархлар ошиб кетади, шу боис мен маблағимга икки ҳисса қилиб аммафос оламан деган. Фермерлар айёр бўлиб кетишган, улар селитрани олишни исташмайди. Бу бир баҳона. Мен билан оғзаки келишганди. Мен унинг лафзига ишонгандим. Мана куни кеча икки баравар қилиб биздаги пулига аммафос бердик. Фермернинг бизда ҳеч қандай ҳаққи қолмади».

Тўғриси, Анвар Шербоевнинг бу изоҳидан таажжубландик. Демак, фермер нимани истаса, «келишиб» олиб кетаверар эканда? «Менга селитра керак эмас, аммафос оламан» деса...

Ушбу ҳолатни ёритиш орқали кимнидир жабрдийда ёки кимнидир айбдор қилиб кўрсатиш фикридан йироқмиз. Шунчаки, арзимасдек кўринган сабаблар жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида яна бир бор таъкидламоқчимиз.

Мазкур муаммо амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари доирасида адолатли ҳал этилишидан умид қилиб қоламиз.

Гулчеҳра Шарипова

Мавзуга оид

Эълонлар

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти