Халқ овози | 23:43 / 20.11.2018
15163
9 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятидаги ногиронларга ким масъул?

«Kun.uz» таҳририятига Сирдарё вилояти, Сирдарё шаҳарчаси, Темир йўл кўчасида жойлашган икки қаватли уйдаги хонадонда ёнғин содир бўлгани ҳақидаги хабар юборилди. Бу уй 1945 йилда туғилган Х.Е.га тегишли бўлиб, у бу уйда ногиронлиги бўлган болакай Х.А. ва бошқа яқинлари билан яшаб келган.

Сирдарё туман ЁХБнинг матбуот бўлимига кўра, уй эгасининг 2008 йилда туғилган, руҳий хаста, 2 гуруҳ ногиронлиги бўлган набираси Х.А.нинг уйда қаровсиз қолиши ва гугурт чақиб ўйнаши натижасида ёнғин содир бўлган. Болакай Сирдарё тумани ЁХБ ходимлари томонидан қутқариб қолинган.

Бола қутқарилганда тутундан димиққан ҳолда бўлиб, унга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Кўнгилсиз ҳодиса натижасида уй ётоқхонасининг тахминан 5 м.кв. майдонидаги жиҳозлар, кийим кечаклар ва барча ҳужжатлар ёниб кетган.

Ушбу ҳолат юзасидан маълумотда шундай дейилган: «Ногиронлиги бўлган болакай кекса, бироз муомалага лаёқатсиз бувиси томонидан уйда қаровсиз қолдирилган. Айтишларича, шамоллаб қолгани боис тумандаги ихтисослаштирилган мактаб интернат томонидан ўз уйига жўнатиб юборилган. Отаси ҳақида маълумот йўқ, онаси вафот этган...».

Лекин ногиронлиги бўлган шахслар учун тиббий кўрик ва даволаниш муолажаларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқлари мавжудлиги меъёрий ҳужжатлар, қарор-фармонлар орқали мустаҳкамлаб қўйилган. Шу боис маълумотлар нақадар ҳақиқатга яқинлигини ўрганиш мақсадида Сирдарё вилоятига йўл олдик.

Биринчи галда, вилоятдаги Халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 71-ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори билан учрашиб, у ердаги шарт-шароитлар билан танишдик. Бино ички қисмидаги таъмир даражаси, ошхона, ётоқхона, ювиниш хоналарининг мебеллар билан замонавий тартибда жиҳозланган, меҳнат тўгараклари мавжуд, болалар саводхонлигини ошириш мақсадида кутубхона зарур адабиётлар билан таъминланган.

Мактаб директори «бола шамоллагани учун ўз уйига жўнатиб юборилгани ҳақидаги маълумот»дан бехабарлиги маълум бўлди. Мактаб ҳамшираси эса «бола шамоллагани учун эмас, уни оила аъзолари ўз ихтиёрларига кўра олиб кетгани»ни айтди. Ушбу жавоб қанчалик ҳақиқатга яқинлиги ва боланинг аҳволидан хабар олиш учун у яшайдиган хонадонга бордик.

«Қутқарувчиларнинг қутқарган инсонига нисбатан меҳри тушиб қолади» деганларича бор экан. Болакайнинг тақдирига бефарқ бўлмаган Сирдарё туман ЁХБ ходимлари бизга ҳамроҳ бўлишди.

Кечки 19:30лар чамаси кўзланган манзилга кириб бордик. Аввалига эшик олдида бизни қарши олган Х.А.нинг акаси Х.Р. ташрифимиз мақсадини тинглаб, бир оз эътироз билдиргандек бўлди.

«Аҳволимиз билан бир неча бор танишиб кетишди, келиб кетаверишади, лекин натижа йўқ. Охирги марта 6 ой олдин ҳам қайсидир ташкилотдан келиб, ўрганиб кетишганди», деди у норози оҳангда.

Бир хонадан иборат уй. Уйда ногиронлиги бўлган боладан ташқари уч киши (унинг бувиси, тоғаси ва акаси) яшар экан. Ёнғиндан сўнг боланинг акаси қўлдан келганча уйни таъмирлашга уринган.

Тўрт девор ичида стол устига тахланган идиш-товоқлар (жавон йўқ, аввал ҳам бўлмаган), челаклар, тартибсиз ҳолда кийим-кечаклар солинган (кийим жавони йўқ, олдин ҳам бўлмаган) бир неча сумка ва кўрпа-тўшаклар бор холос...

Уйда ҳеч бўлмаганда стол ёки хонтахта кўрмадик (аввал ҳам бўлмаган экан). Шу боис уй эгалари «пол»да ўтириб, тўшалган сочиқ устида овқатланишаётган экан. Кечки овқат ўрнида ҳам нонуштада ейилган таомлардан қолгани...

Ётиб ухлаш учун каравот, ахборот ва кўнгилочар дастурлардан баҳраманд бўлиш учун телевизор йўқ. Уйда ҳатто чироқ ҳам ўз ўрнида эмас.

Вилоятнинг бу борадаги масъул мутасаддилари эса тумандаги мана шундай шароитда яшаб келаётган, ижтимоий муҳофазага жуда муҳтож оилалар аҳволидан бехабар. Хабари бўлганлар эса ваъда бериб кетган. Улар  ҳамон кутилмоқда.

Уйнинг ёнғиндан аввалги ҳолати тасвирланган суратлар билан танишамиз. Ёнғин содир бўлгунга қадар ҳам ногиронлиги бўлган оилага эътибор рисоладагидек бўлмаган.

Уйнинг ёнғиндан аввалги ҳолати тасвирланган суратлар

Бахтсиз ҳодиса юзасидан хабар журналистларгача етиб келган. Бироқ, МФЙ раиси оиладан хабар олиш уёқда турсин, унинг бу воқеадан хабари бўлмаган.

Боланинг акаси (Х.Р) айтишича, «МФЙ раиси 2016 йилда барча озиқ-овқат маҳсулотлари тўлдирилган 20-30 килограммлик қути келтириб топширган, 8 март байрами арафасида бувисининг пластик карточкасига ҳокимият билан биргаликда 200.000 сўм миқдорда пул тушириб берган, 2017 йилда қайта ариза билан мурожаат қилганида, 6 ой давомида моддий ёрдам берилган».

МФЙ раиси «агар Х.Р. ариза билан мурожаат қилса, яна бир марта ёрдам бериши мумкинлиги, ногиронлиги бўлган шахслар бўйича рўйхатда одам кўплиги учун рўйхатдагиларга навбати билан ёрдам бериб келинаётгани»ни айтди.

Лекин ногиронлиги бўлган шахслар қоғоз кўтариб МФЙга бориши керак бўлса, уларнинг ногиронлиги қаёқда қолади? Навбатдагилар орасида биринчи галда ким асосий ёрдамга муҳтож экани инобатга олинмайдими? Ёки улар орасида бошқа уйи ёнганлар ҳам бормикан?

Мавзу юзасидан Республика Касаба уюшмалари федерациясига қўнғироқ қилиб,  федерациянинг Сирдарё вилоятидаги ҳудудий бирлашмасига қўнғироқ қилишимиз кераклигини билиб олдик. Бироқ, вилоятдаги ҳудудий бирлашманинг масъул ходимларини соат 16:00га қадар қўнғироқ қилиб иш жойидан топиб бўлмади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши билан ҳам боғландик.

Кенгаш ахборот хизмати бошлиғи (в.б.) А.Умарова «бу мазмундаги муаммолар Кенгаш раҳбарияти томонидан тузиладиган комиссия иштирокида баҳоли қудрат жойларга бориб ўрганилиб келинаётгани, мурожаатлар шунчаки қоғозда қолиб кетмаётгани, бунга раҳбарият томонидан масъулият билан ёндашиб келинаётганини маълум қилиб, тез кунда мақола қаҳрамонига ҳам ёрдам берилиши»ни билдирди.

Мақола қаҳрамони уйи ва ундаги жиҳозлар ёниб кетган учун етишмовчиликлар юзасидан қўллаб-қувватлашларини сўраб, ариза билан мурожаат қилиши керак. Аммо аризасига керакли ҳужжатларни илова қилолмайди – ҳужжатлар ёниб кетган. Ҳужжатларни қайта тиклаш учун оила моддий кўмакка муҳтож. Уларнинг ҳатто васийи ҳам йўқ. Оиладаги 18 ёшли Х.Р.га «васий бўлишга ёшлик қилиши, бунинг учун аввал оила қуриши лозимлиги, доимий иш билан таъминлаган бўлиши керак»лиги тушунтирилган. Қолаверса, ҳозирча Х.Р. коллеж талабаси, у жамиятда ўз ўрнини топиши учун кўпроқ ўқиши, етарлича билим олиши шарт. Бунинг учун эса вилоят масъуллари унинг ёш бошини банд этиб келаётган катта муаммоларидан озод этишлари зарур.

Болаларнинг бувиси Х.Е. уй юмушларига ярамайди. Унинг 2-гуруҳ ногирони бўлган катта ўғли Х.С. ҳам эътиборга муҳтож.

Хуллас, оиладаги мавжуд етишмовчиликларни ўрганиб чиқиб, улар қуйидагилардан иборат эканлигини аниқладик:

  1.  Гилам (2та)
  2.  Телевизор (1та)
  3.  Стол ва стуллар (1та)
  4.  Музлаткич (1та)
  5.  Каравот (2та)
  6.  Чангютгич (1та)
  7.  Кир ювиш машинаси (1та )
  8.  Кийим жавони (1та)
  9.  Ошхона буюмлари учун жавон (1та) ҳамда уй эгаси Х.Р.га тегишли ёнган (1та) ноутбук.

Шунингдек, ҳисоблаб кўрилганда, оилага тегишли ёнган ҳужжатлар (онасининг ўлим қоғози, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар ва ногиронликлари тўғрисидаги ҳужжатлар)ни тиклаб олиш учун Х.Р.га тахминан 300.000 сўм пул ва бундан ташқари яшаб туриш учун қўшимча моддий маблағ зарур.

1992 йилда БМТ томонидан ногиронларга оид долзарб масалаларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, уларни ижтимоий ҳаётга ва ривожланиш жараёнларига мослаштириш мақсадида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни, Ўзбекистонда эса «Ногиронлиги бўлган шахслар куни» деб эълон қилинган. Шундай экан, яқинлашиб келаётган ушбу кун муносабати билан нафақат ногиронлиги бўлган мазкур оила, балки вилоятдаги барча ногиронлиги бўлган оилалар қўллаб-қувватлансалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Тез орада бу муаммоларга мавжуд қарор ва фармонлар доирасида барҳам берилади, деган умиддамиз.

Моҳичеҳра Эшмирзаева

Мавзуга оид