Жамият | 12:10 / 22.11.2018
7591
3 дақиқада ўқилади

ОАВ «жар солади»ми ёки омманинг хавотирини эшиттирадими?

Оммавий ахборот воситаларининг асосий вазифаларидан бири – давлат ташкилотлари билан халқ ўртасида кўприк вазифасини ўташдир. Зеро, бу иккисининг ўртасида жар пайдо бўлиши аксар муаммоларнинг онаси бўлиб, ОАВ мазкур вазиятда ўта муҳим бўлган ўша – икки тарафни боғловчи кўприк ролини, асосан кенг жамоатчилик овозини тор доираларга эшиттириш вазифасини бажаради. Айнан шу – омма хавотирларини ўз вақтида сезиб, пайқаб, уларни юзага чиқариш иқтидори, истеъдоди муайян оммавий ахборот воситасининг савия даражасини ва ижтимоий фойдаси миқдорини белгилайди.

Бундан маълум бўладики, мазкур – хавотирларни ўз вақтида сезиб, овоза қилиш вазифасини бажарувчи ОАВнинг фаолияти, хусусан давлат ташкилотлари учун кони фойда, зеро, омма фикридан бехабар қолиб, пировардида муаммолар гирдобига ўралашиб қолмасликка уларга ёрдам беради.

Ўтган ҳафтада бир қатор нашрларда, жумладан Kun.uz сайтида «соя»да қолиб келаётган устачилик, мардикорчилик, киракашлик, уй хизматлари ва шунга ўхшаш фаолият турларига патент жорий этиш режалаштирилаётгани ҳақида ёзган эди. Маълум сабабларга кўра, бу каби янгиликлар кенг оммада хавотир пайдо қиладиган бўлиб қолгани ҳеч кимга сир эмас, зеро воқелигимизда дастлаб яхши ният ила бошланган баъзи ташаббуслар кейинчалик кўплаб оддий фуқаролар ҳаётига ўнғайсизлик келтирганининг гувоҳимиз. Ўз юртида тирикчилик қилиб юрган мардикорларни у ёқдан бу ёққа қувиш, чекка вилоятларда юз берган, киракашларга қарши вақти-вақти билан уюштириладиган рейдлар ва ҳоказо ҳолатлар умумий манзарамизни доим хира қилиб келган реал ҳолатлардир – хаёлий эмас.

Демак бунга ўхшаш – вазирлик ва идораларнинг ташаббуслари ортидан оммада юзага келадиган хавотирлар воқелигимизнинг бир жиҳати бўлиб, мазкур хавотир ва саволларни ошкор қилиш ҳамда уларнинг ҳар бирига ўз ўрнида босиқлик билан компетент жавоб бериш лозим. Жавоблар эса доим ҳам берилмаяпти. Хусусан, Kun.uz сайти эълон қилган мақолада қўйилган бир нечта савол ҳаводан вужудга келгани йўқ, бу саволлар ҳаёт тақозо этиб турган саволлардир.

Йиғилишлардан бирида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев ОАВдан норозилик билдирди: «...айрим ахборот манбалари давлат мардикорларга ҳам солиқ солмоқчи, деб жар солди», – деди у.

Юқорида сўз юритганимиз – ОАВнинг бевосита вазифалари ва дунёда умумқабул қилинган ОАВ таърифотидан келиб чиқиб айтиш лозимки, «жар солди» ибораси бу вазиятда ОАВнинг бевосита қилиши керак бўлган – хавотирларни ошкор қилишдек ишига салбий ранг беришга ўхшаб қолган.

ОАВнинг аҳамиятини тўғри англамоқ ва тўғри талқин қилмоқ замон талабидир. Нотўғри талқин эса ислоҳотлар йўлига ғов бўлади.

Шокир Шарипов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид