Халқ овози | 18:40 / 22.11.2018
19178
9 дақиқада ўқилади

Урганчдаги тарихий обида ноқонуний қурилиш объекти билан тўсилмоқда

Ўзбекистон халқи бой тарихга ва маданий меросга эга. Умуммиллий бойлигимиз бўлмиш маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, тарғиб қилиш ва бойитиб бориш борасида мамлакатимизда қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси томонидан Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенция ратификация қилинган. Бу Конвенция доирасида Хива, Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилди. Бундан ташқари, бошқа ҳудудлардаги маданий мерос объектлари ҳам давлат муҳофазасига олинди. Уларни асраб-авайлаш, тарихий кўринишини сақлаб қолиш, туристик жозибасини ошириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бироқ, Урганч шаҳрида ягона бўлган тарихий обида «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» атрофидаги хунук ҳолат бу ишларнинг аксидир.

«Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» тарихий, меъморий, эстетик ва ижтимоий-маданий қимматга эга бўлган диний ёдгорлик, Урганч шаҳридаги ягона тарихий табаррук қадамжодир. У 1646-1648 йилларда Янги Урганч шаҳри асосчиси Абулғозий Баҳодирхон томонидан барпо қилинган. Кейинчалик, хароба аҳволга келиб қолган.

XIX асрда Хива хони Оллоқулихон уни таъмирлаб, обод қилган ва ҳозирги кўринишдаги мақбарани қурдирган. Огаҳийнинг «Риёзуд-давла» китобидаги маълумотларга кўра, Дошқинжон бобо мақбараси Хива хонининг 4та салобатли мақбара қуриш ҳақидаги буйруғига асосан барпо этилган (қолганлари Хива шаҳрида, Янгиариқ туманида (Остона (Оқ масжид), Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида (Султон Увайс мақбараси) қурилган).

Шўролар даврида мақбара ёпилган ва ундан 1939 йилгача қамоқхона сифатида фойдаланилган. 1941-1947 йиллар оралиғида у қайтадан очилган ва Олтин Мерос жамиятига берилган, 1980 йилда таъмирланиб, архивга айлантирилган. 1991 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига ўтказилган.

2005 йилда Маъмун академиясининг 1000 йиллиги нишонланиши муносабати билан қайта таъмирланиб, обод қилинган. Айни пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги идораси ва зиёратгоҳ сифатида фойдаланилмоқда.

2018 йил октябрь ойида «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» олдида қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирги кунда унинг олдида катта чуқур қазилиб, пойдевор қилинганини ва бу ҳудуд тўсиб қўйилганини кўриш мумкин. Бунда қурилиш ишларини ким олиб бораётгани ва нима қурилаётгани ҳақида ҳеч қандай маълумот кўрсатилмаган.

Қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудуд билан мақбара орасидаги масофа 50 метрдан камроқ. Агар бу ерга қандайдир бино барпо қилинадиган бўлса, у тарихий обидани тўлиқ тўсиб туради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги ҳуқуқшуноси Бахтиёр Жуманиязов биз билан суҳбатда бу масала бўйича ўз фикрларини айтди.

«Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» нафақат Хоразмда, балки бутун Ўзбекистонда, ҳатто яқин хорижда ҳам машҳур қадамжолардан биридир. Бу ерга Туркманистон Республикасининг Дошўғиз, Чоржўй вилоятларидан, Қорақалпоғистоннинг Беруний, Тўрткўл, Амударё туманларидан, Бухоро вилояти ва Тошкент вилоятларидан сайёҳлар, зиёратчилар келишади.

Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларига бориб, тарихий обидаларни кўрганмиз. Уларнинг олдига қурилган бирорта бино ёки дўкон йўқ. Зиёратгоҳимиз ёнида эса қурилиш бошланиб кетган. Бу олдин автомобиллар турадиган жой эди. Сайёҳлар ва зиёратчилар учун қулай эди. Чунки йўл ёқасида автомобилни қўйиш тақиқлангани боис, шу ерда автомобилини қўйиб, зиёратгоҳни томоша қилишарди. Энди эса бу қурилиш бошланиб кетган, нима дейишга ҳам ҳайронмиз», - деди Жуманиязов.

Хоразм вилояти бош имом хатиби Хайрулла Абдуллаев тарихий обида олди тўсиб қўйилишидан зиёратчилар ҳам норози бўлаётганини айтди.

«Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» олдидаги қурилишни кутубхона деб эшитдик. Аммо, пойдеворидан кутубхонага ўхшамаяпти. Одамлар «кутубхона қураман, гузар қураман», деб ер олиб, уни тураржойга айлантириб юборганини аввал ҳам эшитганмиз. Албатта бу нарса бизни хавотирга солади.

Биз Урганч шаҳри ҳокимиятидан сайёҳлар ва зиёратчиларга қулай бўлиши учун мана шу жойга кичик автотураргоҳ қилиб беришни сўраб, хат ёзган эдик, аммо ҳалигача жавоб олмадик. Ўша ерда эса қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Бу борада мутасадди ташкилот раҳбарларига ҳам шикоят қилганмиз. Зиёратгоҳнинг олди тўсилиб қолиши, тарихий маданий мерос объекти атрофининг кўринишига, жозибасига салбий таъсир қилиши ҳақида айтганмиз. Бу ҳолатдан биз ҳам, зиёратчилар ҳам норози бўлмоқда», - деди Хайрулла Абдуллаев.

Дарҳақиқат, ҳар қандай тарихий маданий мерос объекти атрофи маълум бир ҳудуд билан иҳоталанади. Чунки у узоқдан кўзга ташланиб туриши, ўз жозибаси билан сайёҳлар эътиборини тортиши, шаҳарга кўрк бериши керак.

«Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» олдидаги қурилиш масаласи бўйича Урганч шаҳар ҳокими Одилбек Сапаевдан изоҳ олдик.

«Аввало, Урганч шаҳри Тинчлик кўчасидаги бу қурилиш ўрни «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» ҳудудига кирмайди. Бу ерда ёшлар учун икки қаватли кутубхона барпо қилинади. Буни Урганч шаҳри бош режасига киритиш бўйича «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ»нинг ижобий хулосасини олганмиз. Масала барча мутасадди ташкилотлар билан келишилган.

Шундан сўнг, бу ер тадбиркорга берилди. У кутубхона қуриш мажбуриятини олган. Бу қурилиш жараёнида «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи»нинг бир дона чўпига ҳам зарар етмайди. Ҳамма иш қонун доирасида қилинмоқда. Аммо ҳозирда қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилган», - деди Одилбек Сапаев.

Хоразм вилояти Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси Урганч шаҳар ҳокимига 2017 йил 14 июнь куни 522-сонли хулосани берган. Унда Урганч шаҳри, Тинчлик кўчасида 2 қаватли «Камолот китоб дўкони» қурилиши ГУП «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» №1-10/2138 хулосаси асосида келишиб олингани кўрсатилган.

Дарҳақиқат, Тинчлик кўчасида барпо қилинаётган кутубхона биноси «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» ҳудудига кирмайди, унинг чегарасини бузмайди. Аммо, маданий мерос объектларининг нафақат ҳудуди, балки туташ ҳудудлар ҳам қонун асосида давлат назоратига олинган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунида (2001 йил 30 август, 269-II-сон) аниқ белгилаб қўйилган.

Қонуннинг 24-моддасида моддий маданий мерос объектлари жойлашган ерларда ҳамда уларга туташ ҳудудларда ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик ишлари ва бошқа ишларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг рухсатномасини олиш шартлиги белгилаб қўйилган.

Яъни, нафақат маданий мерос объектлари жойлашган ерда, балки унга туташ бўлган ҳудудларда ҳам қурилиш ишларини олиб бориш учун Маданият вазирлигининг рухсати бўлиши шарт. Аниқлашимизча, «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» атрофидаги қурилиш ишларини бошлаш учун Маданият вазирлигидан ҳеч қандай рухсатнома олинмаган. Натижада, умуммиллий бойлигимиз бўлмиш бир неча асрлик маданий мерос объектини муҳофаза қилишга эътибор сусайтирилган.

Қонунга кўра, нафақат тарихий обидалар жойлашган ер, балки уларга туташ бўлган ҳудудлар ҳам жиддий назорат қилиниши керак. Маданий мерос объектларини тўсиб қўядиган, уларнинг кўрки, чиройига путур етказадиган бино ва иншоотларнинг қурилишига, обида атрофини хунук ҳолатга келиб қолишига, ўзига хос тарихий муҳитнинг бузилиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Тарихий обидаларнинг тўсиб қўйилиши, уларнинг эътибордан четда қолишига, аста-секин унутилишига, кейинчалик эса харобага айланиб, умуман йўқолиб кетишига олиб келиши ҳам мумкин. Буни тарих саҳифаларида ўқиганмиз, ҳаётда кузатганмиз.

«Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» атрофидаги қурилиш ишлари тўхтатилиши, тўсиқлар олиб ташланиши, туташ ҳудуднинг аввалги ҳолати зудлик билан тикланиши, унинг туристик салоҳияти, кўрки ўз ҳолига қайтарилиши шарт. Бу аждодларимиз, замондошларимиз ва кейинги авлодлар олдидаги маънавий бурчимиздир.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид