Жамият | 08:17 / 24.11.2018
15845
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илк марта жума маърузасида сурдо таржимонлар хизмати йўлга қўйилди

23 ноябрь куни Ўзбекистонда илк маротаба сурдо таржимон ёрдамида онлайн режимидаги жума маърузаси ташкил этилди. Маъруза Тошкентдаги Шайх Зайниддин («Кўкча») жоме масжидида бўлиб ўтди.

Mover'да кўриш (tas-ix)

Youtube'да кўриш

Мазкур хайрли тадбир октябрь ойи охирида йўлга қўйилган лойиҳанинг бир қисми бўлиб, бунга қадар ҳам Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташаббуси билан жисмоний имконияти чекланган фуқароларимиз учун диний соҳада енгилликлар яратиш йўлида қўшимча чоралар кўрила бошланган эди.

Жумладан, 29 октябрь куни қўмита вакиллари жисмоний имконияти чекланган фуқароларимиз билан очиқ мулоқот ташкил этган ва ҳар ойнинг биринчи якшанбасини «Мурувват куни» сифатида белгилаган эди.

Дастлабки «Мурувват куни» 4 ноябрда, 250 нафардан зиёд кўзи ожиз ҳамда эшитиш ва гапириш имконияти чекланган фуқароларимиз иштирокида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Унда қўмита томонидан Қуръони Каримнинг брайл ёзувидаги, Саудия Арабистонидан махсус келтирилган ноёб нусхаси кўзи ожизларга туҳфа этилди, шунингдек, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ҳам уларга қимматли совғалар тақдим этилди.

Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан сўзга чиқиб, диний адабиётларни брайл ёзувида нашр қилиш, аудио-дисклар чиқариш, маърифий суҳбатлар сонини кўпайтириш, диний-маърифий тадбирларни ўтказиш учун бино ажратиш, жума маърузаларини уларга тушунарли бўлиши учун сурдо таржимонлар ёрдамида ташкил этиш бўйича ишлар режалаштирилганлигини маълум қилганди.

Қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда ташкилот томонидан диний-маърифий телекўрсатувларни ҳам сурдо таржимонлар иштирокида эфирга узатиш ва шу каби бошқа қатор хайрли амаллар юзасидан ишлар давом эттирилмоқда.

Навбатдаги “Мурувват куни” 2 декабрда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид