Шу йил 9-21 август кунлари Ўзбекистон Муайтай федерацияси бир гуруҳ ёш спортчилар билан Малайзияга ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатида қатнашиш учун борган. Делегация таркибида бўлган федерация расмийлари мусобақалар давомида бошқа федерациялар ва расмийлар билан музокаралар ўтказиш учун пуллик асосда таржимон қидириб, Малайзияда узоқ вақт ишлаган ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассис Анвар Нарзуллаевга алоқага чиқишади.
Анвар Нарзуллаев федерация аъзоларига Малайзиядаги олийгоҳлардан бирида таълим олувчи ўзбекистонлик Р. исмли йигитни тавсия қилган.
Таржимон йигит 11 кун давомида федерация аъзоларига ҳамроҳлик қилиб, жами 3 та расмий музокарада таржимонлик қилганини билдирди. Мусобақалар якунлангач эса федерация бош котиби Жамшид Бекмуродов талаба йигитга ватанга ёрдам берганини, уни меҳмонхонада овқатлантиришганини айтиб, иш ҳақини бермаган.
“Ҳамма ишимни ташлаб, таржимонлик қилиш учун келдим. 3 та расмий музокараларда таржимонлик қилдим, бундан ташқари 24 соат давомида шу федерациядагиларда нима масала бўлса: бирор жойга бориб келиш бўладими ёки бирор нарса сўраш, ёрдам бериб турдим. Охирига келганда, таржимон учун пул ажратилмаган эди, олдинроқ айтганингда бошқасига илтимос қилардик, дейишди.
Хуллас, “сени меҳмонхонада олиб юрдик, овқатлантирдик, ватан учун ёрдаминг текканига хурсанд бўлмайсанми” деб, кетворишди. Мен ҳам катта пул сўрамадим, индамай қўя қолдим. Аслида таржимон ва гидлик қиладиганлар кунига 100 доллардан олади, мен жами 400 доллар дегандим”, – дейди Kun.uz мухбири билан гаплашган талаба.
Воқеа – ушбу талабани таржимонликка тавсия қилган, аниқроғи ўртада турган Анвар Нарзуллаев томонидан жамоатчиликка ошкор қилинган. Пост муҳокамаларга сабаб бўлгач, Муайтай федерацияси расмийлари таржимон йигитга алоқага чиқиб, постни ўчиртиришни, масалани бир кунда ҳал қилишларини айтган.
Kun.uz мухбири билан гаплашган Ўзбекистон Муайтай федерацияси бош котиби Жамшид Бекмуродовнинг айтишича, Малайзияда ҳақиқатда ҳам таржимон йигит билан юқоридаги ҳодиса содир бўлган.
“Ўзим ҳам, шерикларим ҳам сал-пал инглиз тилини биламиз, лекин музокаралар ўтказиш даражасида эмас. Шунинг учун дўстимдан таржимон сўраган эдим. У тавсия қилган кишилар орқали Р. исмли талаба йигит билан боғландик. У Халқаро Муайтай федерацияси раиси билан ўтказилган йиғилишда бизга таржимонлик қилди. Қолган вақтларда асосан кунлик майда-чуйда нарсаларда баъзи гапларни таржима қилиб берди, холос.


















