Спорт | 12:31 / 27.11.2018
11126
2 дақиқада ўқилади

«Локомотив» ва «Пахтакор»нинг Осиё Чемпионлар Лигасидаги рақиблари маълум бўлди

Суперлигада 31-турида «Локомотив» ўз майдонида «Пахтакор» билан беллашди ва 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Натижада, «темирйўлчилар» олтин медалларни, «шерлар» эса кумуш медалларни қўлга киритишди.

«Локомотив» клуби ОЧЛ келаси мавсумида B гуруҳидан жой олиши маълум бўлди. Бу квартетдан «Ал-Иттиҳод» (Саудия Арабистони),  «Ал-Ваҳда» (БАА) ва плей-офф ғолибларидан бири (Қатар, Эрон ёки Ҳиндистон клублари) ўрин эгаллаган.

«Пахтакор» эса саралашдан ўтиш учун 12 февралда сўнгги уч йилдан буён кетма-кет ОФК Кубогида ғолиб чиқаётган «Ал-Қува Ал-Жавия» (Ироқ) клубини мағлуб этиши, натижа ижобий бўлса, бир ҳафта ўтиб БААнинг «Ан-Наср» жамоасидан устун келиши талаб этилади. Ўзбекистон вице-чемпиони ана шу плей-оффдан ўта олса, D гуруҳига тушади ва «Персеполис» (Эрон), «Ал-Аҳлий» (Саудия Арабистони) ва «Ас-Садд» (Қатар) клублари билан кураш олиб боради.

ОКМК клуби Ўзбекистон Кубоги соҳиби сифатида ўтиш ўйинларида қатнашади. Олмалиқликлар дастлаб, 12 февраль куни Тожикистон чемпиони «Истиқлол»ни енгиши, ундан сўнг, 19 февралда Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» жамоаси устидан ғалаба қозониши керак. ОКМК ушбу иккита тўсиқдан ўта олса, Чемпионлар лигасининг А гуруҳида курашни давом эттиради. Бу квартетдан «Ал-Васл» (БАА), «Аз-Завра» (Ироқ) клублари, шунингдек, саралашдан ўтган Қатар, Эрон, Иордания ва Кувайт клубларидан бири ўрин олади.

Мавзуга оид