Жаҳон | 17:30 / 27.11.2018
13148
2 дақиқада ўқилади

Украина чегарада россияликлар учун чеклов жорий қилди

Фото: RT

Украинанинг Херсон областидаги назорат-ўтказув пунктида Россия томонидан аннексия қилинган Қримга кирувчи ва ундан чиқувчи россияликларга чеклов ўрнатилди. Бу ҳақда УНН нашри Херсон области админстрацияси раҳбари Андрей Гордеевга асосланган ҳолда хабар тарқатди.

Унинг аниқлик киритишича, гап «Чаплинка», «Каланчак» ва «Чонгар» назорат-ўтказув пунктлари кетмоқда, бу чекловлар Украина ҳамда бошқа давлатлар фуқароларига тааллуқли бўлмайди.

Бу чекловлар 25 ноябрь куни Керчь бўғозида Украина кемалари Россия томонидан қўлга олиниши ортидан 26 ноябрь куни мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

ТАСС агентлиги хабарига кўра, Украина ҳудудига 26 ва 27 ноябрь кунлари Минскдан учиб келган рейсларда бўлган ўнлаб россияликлар ҳам киритилмаган. Беларусь томони маълумотига кўра, Киевдан Минскка учган самолёт 35 нафар россияликни қайтариб олиб кетган.

Украина Олий радаси 26 ноябрь куни Украинанинг Россия ҳамда Днестр бўйидаги тан олинмаган ҳудудлар билан чегарадаги 10та областида ҳарбий ҳолат жорий этди. Ҳарбий ҳолат жорий этиш таклифи 25 ноябрь куни Керчь бўғозида рўй берган воқеадан кейин Украина президенти Петро Порошенко томонидан берилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид