No comment, no audio: «Ўзбекэнерго» юз берган фалокатни яширмоқда
Республикада электр энергиясини етказиб беришда давлат монополияси эга «Ўзбекэнерго» АЖ иссиқлик электр энергияси блокларидан бирида юз берган фалокатни оммадан яширмоқда.
Қиш мавсуми бошиданоқ, республиканинг аҳоли зич жойлашган вилоятларидан таҳририятга энергия тақчиллиги билан боғлиқ турли мурожаат хатлари етиб келмоқда. Электр энергияни етказиб беришдаги узилишлар ҳақида Фарғона вилоят ҳудудий электр тармоқлари тезкор диспетчер хизмати бошлиғи Дилшодбек Қодиров Kun.uz'га қуйидагиларни маълум қилганди: «Водий вилоятларига электр энергияси етказиб берувчи ИЭСлардаги ёқилғи билан боғлиқ муаммолардир. Вилоят ҳудудий электр тармоқларининг вазифаси, бизга берилаётган маълум бирликдаги электр энергиясини тақсимлашдан иборат. Айни пайтда, ҳудудларда 1-2 соатдан узилишлар бўляпти».
Аммо, сайт ўқувчилари ток 2 соатдан ҳам кўп йўқ бўлиши, аҳвол янада оғирлашиб бораётгани ҳақида маълумотлар беришмоқда.
Kun.uz'га маълум бўлишича, «Ўзбекэнерго» АЖ қошидаги Толимаржон ИЭСнинг битта блоки ишдан чиққан. «Ўзбекэнерго» вакиллари эса бу масалага расмий изоҳ беришдан бош тортмоқда. Айни пайтда ИЭС қайси блокига ва қанча зарар етгани номаълум.
Худди шундай вазият, ўтган йили декабрь ойида ҳам юз берганди. Ўшанда «Ўзбекэнерго» АЖ бир вақтнинг ўзида иккита катта ҳалокатни бошдан кечирганди. Маълум муддат Толимаржон ИЭС ҳамда Навоий ИЭСда янги буғ-газ қурилмаси ишдан чиққанди. Газ фильтрловчи қувурда юз берган носозлик қурилманинг ишга яроқсиз бўлиб қолишига олиб келган.
2017 йил 13 декабрь куни ҳар иккала иссиқлик электростанцияга етказиб берилган газ маҳсулотлари таркибида чиқинди ва иш фаолиятига таъсир этувчи қолдиқлар бўлгани аниқланган.
«Ўзбекэнерго» фалокатга қадар, 2017 йилнинг февралида «Толимаржон ИЭСни 450 МВтлик 2та буғ-газ қурилмаси қуриш билан кенгайтириш» инвестиция лойиҳасини амалга оширганди. Жами қуввати 900 МВТ бўлган иккита буғ-газ қурилмасини Жанубий Кореянинг Daewoo ва Hyundai компанияларидан иборат халқаро консорциуми ўрнатган.
Кузатилаётган токдаги узилишлар расман тасдиқланмаган фалокатга боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги масаласи ҳам очиқ қолмоқда. Жамият ҳозирча барча сўровларни рад этишни маъқул кўрмоқда.
Мавзуга оид
09:14 / 28.07.2020
«Ўзбекэнерго» маъмурий биноси савдога қўйилади
09:15 / 28.01.2020
Толимаржон ИЭСни хусусийлаштириш бўйича битим имзоланди
15:26 / 07.12.2019
Техник носозлик туфайли 7та вилоят электр таъминотида узилиш рўй берди
13:19 / 02.08.2019