Ўзбекистон | 15:26 / 30.11.2018
8283
3 дақиқада ўқилади

Жамшид Қўчқоров: «Иқтисодий кенгаш амалий жиҳатдан ўз фаолиятини бошлади»

«2019-2021 йиллар учун иқтисодий ислоҳотларга мўлжалланган йўл харитаси»​​ тақдимоти вақтида Бош вазир ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳам иштирок этиб, Жаҳон банки билан ҳамкорликда тузиладиган иқтисодий кенгаш фаолияти ҳақида маълумот берди.

«Шу йилнинг 2018 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи давомида Жаҳон банки президенти жаноб Ким билан учрашганди. Кўплаб кредит шартномалари имзоланиши билан бир қаторда Жаҳон банкининг нафақат молиявий, балки консультацион ёрдам кўрсатиши ҳақида ҳам келишиб олинганди. Жаҳон банки Ўзбекистонга стратегик маслаҳатчи сифатида ўз ёрдамини таклиф қилди. Президент томонидан эса бу таклифга розилик билдирилди. Шундан сўнг Жаҳон банки билан бир нечта лойиҳаларни амалга оширдик, энди эса ҳамкорликни нисбатан мураккаб ва қийинроқ ислоҳотларда давом эттирмоқчимиз.

Жаҳон банки томонидан Иқтисодий кенгаш тузиш таклифи ўртага ташланди. Иқтисодий кенгаш Ўзбекистон ҳукумати қошидаги ташкилот бўлади, лекин унинг таркибига ўн иккига яқин хорижлик мутахассислар ҳам киритилади. Масалан, улар орасида Жорж Вашингтон университети профессори, Жаҳон банкининг собиқ вице-президенти Дэнни Лейпцигер, Адольфо Ибанез университети профессори, Чилининг жамоат ишлари бўйича собиқ вазири Эдуардо Битран, Меркатор институтининг (Германия) Хитой тадқиқотлари бўйича мутахассиси, Жаҳон банкининг Россия, Хитой ва Вьетнам давлатларидаги собиқ директори Клаус Роланд ва иқтисод бўйича жаҳон даражасида танилган бошқа мутахассислар ҳам бор.

Иқтисодий кенгаш тизими фаолияти қуйидагича кечади: масалан, иқтисодий ислоҳотларга мўлжалланган йўл харитаси тақдимоти ва муҳокамасига Иқтисодий кенгашнинг тўрт нафар эксперти келди. Ҳар ойда йўл харитаси йўналишларидан махсус мавзулар танлаб олинади ва соҳага ихтисослашган мутахассислар муҳокамага чақирилади. Ёки айнан иқтисодиёт-молия тизимига оид бирор қонун ёки қарор лойиҳаси тайёрланиб, экспертлар эътиборига ҳавола этилади ва улар ўз фикрлари билан ўртоқлашади.

Хорижлик экспертлардан ташқари, Ўзбекистон Республикасидаги вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам Иқтисодий кенгаш аъзолари бўлишади. Иқтисодий кенгашнинг раҳбари эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳисобланади.

Иқтисодий ислоҳотлар йўл харитаси тақдимоти ва давра столи муҳокамаси Иқтисодий кенгашнинг илк йиғилишларидан бири бўлди. Тез орада кутаётганимиз - Президент фармонидан сўнг эса Иқтисодий кенгаш тизими такомиллаштирилади, унинг котибияти тузилади ва тўла куч билан ишлай бошлайди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид