Light | 18:45 / 03.12.2018
60648
5 дақиқада ўқилади

Телевизор томоша қилишнинг 8 та салбий оқибати

Сўнгги тадқиқотлар натижаларига кўра, Ернинг ўртача статистик кишиси телевизор томоша қилишга суткасига 3 соатга яқин вақт сарфлайди. Бутун умр бўйи телевизор ҳар бир кишининг 9 йилдан ортиқ вақтини олади. Агар бу усулда олинадиган маълумотнинг катта қисми долзарб эмаслиги ҳисобга олинса, бундан-да бефойда машғулотни топиш мушкул. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас: зангори экран олдида ўтириш нафақат самарасиз, балки хавфли ҳамдир.

Телекўрсатувларни томоша қилиш вақтининг ортиши натижасида юзага келадиган зарарли оқибатлар билан сизларни таништирамиз.

Фото: Pixabay

Артериал босимнинг ортиши

Эски телевизорни янгисига алмаштираётганда кўпинча максимал даражадаги катта экрандагиси танланади. Натижада, улар кўрсатувларни томоша қилиш жараёнида кўзни зўриқтиради, чунки турар-жой биноларининг ҳажми томошабинга экрандан хавфсиз масофада бўлиш имконини бермайди.

Ўта катта экран ва экран олдида ўтказилган узоқ вақт доимий равишда кўзларда чарчоқ ҳиссини чақиради. Бундай вазият артериал босимнинг ўсишига сабаб бўлади. Олимлар телевизор олдида ўтказилган ҳар бир соат юрак-қон томир касалликлари эҳтимолини 7 фоизга оширишини аниқлашган. Ишқибозлар бундай машғулот учун кунига 4 соатлаб вақт сарфлашади ва бу каби касалликлардан уч марта кўпроқ зарар кўришади.

Асабийликнинг ортиши

Ҳеч кимга сир эмаски, кўплаб телекўрсатувларда салбий жиҳатлар намойиш этилади. Хотиржам бўлишга ёрдам берадиган ёқимли ва эзгу фильмлар сутканинг ноқулай вақтида намойиш этилади. Телекўрсатувларни соатлаб томоша қиладиган кишиларда ортиқча асабийлик ва шубҳага берилиш ҳолатлари кузатилади. Содир бўладиган фалокатлар олдидан назорат қилиб бўлмас қўрқув депрессия ҳолатига олиб келади.

Бош мия фаоллигининг кучсизланиши

Телевизорни ҳар куни узоқ вақт давомида томоша қилиш бош мия фаоллигига зарар келтиради. Гап шундаки, кўрсатувларнинг моҳияти фастфуднинг интеллектуал аналоги саналади. Китоб матни ва яхши фильмнинг сюжет чизиғидан фарқли равишда у ҳеч қандай таҳлил, фаол хавотирга тушиш, мустақил баҳони талаб этмайди.

Бу каби ақлий сақични доимий равишда истеъмол қилиш хотира, англаш ва қарорларни тезда қабул қилишга салбий таъсир кўрсатади.

Фото: Pixabay

Болаларда гиперфаолликнинг ривожланиши

Болалар ва ўсмирлар кўрсатувларни томоша қилишга катталарга қараганда кўпроқ мойил бўлишади. Уларда қадриятлар ўзгаради: бир томондан зўравонлик саҳналари одатий ва у қадар қўрқинчли бўлмаган нарса сифатида қабул қилинса, бошқа томондан шахсий зўравонлигини эзгулик йўлида ишлатган кучли ва адолатли “қаҳрамонлар”га тақлид қилиш ҳисси пайдо бўлади. Ота-оналар кўпинча ўзгаришларни вақтида пайқамайдилар ва фарзандларининг ўта жаҳлдор эканидан ҳайратга тушадилар.

Кичик ва кичик мактаб ёшидаги болаларда теледастурларни томоша қилиш гиперфаоллик ва эътибор етишмаслиги синдромини чақиради. Гап шундаки, телеэкрандаги воқеалар ҳаётдагига қараганда анча тез суръатда содир бўлади. Бола тезлаштирилган маълумот оқимини қабул қилишга одатланади ва ундаги диққатни жамлаш қобилияти йўқолиб боради. Олимлар телевизор олдида кунига 3 соат вақт ўтказадиган икки ёшли болаларда ҳам оқибатда ўрганиш ва тил кўникмаларини ривожлантириш билан боғлиқ муаммолар юзага келишини аниқлашган.

Эркакларда жинсий функциянинг пасайиши

Кўрсатувларни узоқ вақт давомида томоша қилиш эркаклар жинсий функцияси учун хавфли. У тестостерон ишлаб чиқарилишини камайтиради.

Салбий ўсимталар пайдо бўлиш эҳтимолининг ортиши

Немис олимлари телевизор олдида ўтказилган ҳар бир ортиқча соат онкологик касалликлар ривожланиш эҳтимолини 9 фоизга оширишини аниқлашган.

Уйқусизлик

Телевизор томоша қилиб ухлашга одатланган одамлар сони жуда кўп. Улардан ҳар бири ўз соғлиғини хатарга қўяди. Биринчидан, уйқуга кетишдан олдин намойиш этиладиган кўрсатув ҳар доим ҳам кишига хотиржамлик беради деб бўлмайди. Демак, руҳият зўриқади ва уйқуга кетиш мураккаблашади. Иккинчидан, телекўрсатувларни ётган ҳолатда томоша қилиш бўйин ва елка мушакларини зўриқтиради. Бу эса тунги ҳордиққа салбий таъсир кўрсатади. Учинчидан, зангори экраннинг ўзидан тарқалаётган нур уйқуга кетишга халақит қилиши аниқланган. Ишлаётган телевизор олдида уйқуга кетишга эришсангиз ҳам одатда уйқу фазаси бузилади. Тонгда эса чарчоқ ва жаҳл ҳисси билан уйғонасиз.

Фото: Pixabay

Ортиқча истеъмол қилиш

Телевизор томоша қилиш вақтида овқат истеъмол қиладиганлар уни кўпроқ еб юборишлари аниқланган. Бунга салбий маълумотни катта ҳажмда қабул қилиш ва хавотирнинг ортиши, уни эса бирор мазалироқ нарсани истеъмол қилиш орқали камайтириш билан изоҳлаш мумкин.

Цивилизациянинг бошқа ютуқлари каби телевизор ҳам хавфсиз эмас. Агар кўрсатувларни томоша қилишдан воз кечиш имконияти ёки истаги бўлмаса, бу машғулотни кунига 1,5-2 соатгача чеклаш лозим. Фақат шу йўл билан ўз яқинларингизнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини ҳимоя қиласиз.

Мавзуга оид